Туркиялик эксперт Ўзбекистонда ҳар 150 километрда мавзуий мотелларни қуришни таклиф қилди
Туризм соҳасига инвестиция киритишга доир биринчи халқаро инвестицион форум доирасида Ўзбекистонда ҳар 50 километрда туризм инфратузилмасини йўлга қўйиш ва ҳар 150 километрда турли мавзуларга ихтисослашган мотеллар фаолиятини йўлга қўйиш таклиф қилинди. KUN.UZ мухбири собиқ Туркия миллий ассамблеяси депутати, туризм соҳасида катта иш тажрибасига эга, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Содиқ Бадакнинг интервью давомидаги сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
“Туризмни ривожлантириш учун энг аввало транспорт тизимини ривожлантириш керак. Бугунги кунда Ўзбекистон билан визасиз режимни йўлга қўйган ва визалари соддалаштирилган давлатлар сони тобора ошиб бормоқда. Бу эса ушбу мамлакатлардан келувчи сайёҳлар оқими янада кўпаяди, дегани. Уларни бир ҳудуддан бошқасига олиб бориб, имкон борича кўпроқ жойларни кўрсатсак, Ўзбекистон ҳақида кўпроқ тасаввурга эга бўлишади. Бунинг учун эса шунга муносиб шароитларни яратиш лозим. Энг аввало, йўлларни яхшилаш керак. Шу билан бирга, узоқ жойга йўлга чиққан одам йўлда тўхтаб, дам олгиси келади. Масалан, ҳар 50 километрда тўхтаб, ёқилғи қуйиш шохобчаси, ресторанлар, супермаркетлар, дам олиш жойлари, яъни туризм ривожланиши учун зарур инфратузилмаларни йўлга қўйиш лозим”, - дейди у.
Экспертнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда ҳар 150 километрда туризм марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
“Бу ерларда мавзуий мотеллар бунёд этилади. Масалан, Бухоро билан Хоразм ўртасида, чўлда сафари-мотеллар бўлади ёки бошқа ҳудудлар ўртасида Ўзбекистоннинг ширин-шакар меваларига эътибор қаратилади, яъни мева боғлари барпо этиладиган мотеллар бўлиши мумкин, бу ерга келган сайёҳлар боғда сайр қилишади. Яна бошқа ҳудудларда эса асал ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларга ихтисослашган мавзуий мотеллар хизмати йўлга қўйилади. Бу сайёҳлар учун ўзига хос саргузашт саёҳат бўлиб, уларни Ўзбекистонга жалб қилишнинг ажойиб усули бўлади. Шу боис Тошкентдан Нукусгача 1100 км масофада туризм марказлари, туризм объектларини қуришни тавсия қиляпмиз”, - дейди туркиялик эксперт.
Содиқ Бадакнинг таъкидлашича, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган лойиҳа амалга ошириладиган бўлса, биринчидан, Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар мамнун бўлиб кетади, иккинчидан эса мамлакатга янада кўпроқ инвестиция жалб қилинади.
Таъкидлаш жоизки, халқаро форум доирасида бўлиб ўтган сессияда мазкур лойиҳа таклиф сифатида берилган, зарур маълумотлар тақдим этилган.
Бундан аввал KUN.UZ’да Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг халқаро форум доирасидаги интервьюси тақдим этилган эди.
Лола Рахманбаева
Мавзуга оид
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024
2024 йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони маълум қилинди
17:47 / 15.10.2024