Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп: “Қошиқчи ишидаги ноаниқликларга қарамасдан АҚШ Ар-Риёднинг ҳамкори бўлиб қолаверади”
Журналист Жамол Қошиқчининг ўлимига доир саволлар очиқ қолаётгани ва уларнинг айримларига ҳеч қачон жавоб берилмаслигига қарамасдан Америка Қўшма Штатлари Саудия Арабистонининг ишончли ҳамкорлигича қолиш ниятида, дейилади сешанба куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг эълон қилинган баёнотида.
АҚШ президенти Жамол Қошиқчининг ўлимига дахлдор Саудия Арабистонининг 17 нафар мансабдор шахсларига нисбатан санкциялар жорий этилганини эслаб ўтди. Шунингдек, Саудия қироли ва валиаҳд шаҳзодаси қотиллик режалаштирилаётганидан хабардор бўлишганини рад этишаётганини таъкидлади.
“Жамол Қошиқчига нисбатан амалга оширилган жиноят жуда даҳшатли бўлди, мамлакатимиз бунақасини кечира олмайди. Айни пайтда мавжуд бўлган маълумотларга кўра қотилликка алоқадор кимсаларга нисбатан қатъий чоралар кўрилган, — деган Дональд Трамп. — Қирол Салмон [ибн Абдулазиз Ол Сауд] ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад [ибн Салмон Ол Сауд] Қошиқчини ўлдириш режасидан хабардор бўлишганини қатъий рад этишмоқда. Бизнинг разведка хизматларимиз мавжуд маълумотларни таҳлил қилишда давом этмоқда ва валиаҳд шаҳзода бу фожиадан хабардор бўлгани инкор этилмаяпти: у билган бўлиши ҳам мумкин, билмаган бўлиши ҳам!”
“Биз ҳеч қачон Қошиқчининг ўлдирилиши атрофидаги барча фактларни аниқлай олмаймиз. Нима бўлганда ҳам, биз Саудия Арабистони билан муносабатларни давом эттирамиз, чунки улар Эронга қарши ўта муҳим курашда бизнинг ажойиб иттифоқчимиз бўлиб келган. Америка Қўшма Штатлари ўз мамлакати, Исроил ва АҚШнинг бу минтақадаги бошқа ҳамкорлари манфаати юзасидан Саудия Арабистонининг ишончли ҳамкори бўлиб қолавериш ниятида”, — деган Америка етакчиси.
“Саудия Арабистони вакиллари Жамол Қошиқчи “ватан душмани” ва “Ихвон-ул муслимийн” (“Мусулмон биродарлар”) аъзоси бўлганини айтишмоқда, бироқ менинг (Саудия Арабистони билан ҳамкорликни давом эттириш ҳақидаги — таҳ.) қарорим бунга асосланмаган, бу шубҳасиз тоқат қилиб бўлмайдиган ва даҳшатли қотилликдир”, — деган Трамп.
Агар АҚШ Саудия Арабистони билан мавжуд шартномаларни бекор қилгудек бўлса, бундан Россия ва Хитой ютишини таъкидлаган Дональд Трамп.
“Агар биз чуқур ўйламасдан бу шартномаларни бекор қилсак, Россия ва Хитой катта фойдага эга бўлади ва янги битимларни жон-жон деб ўзларига олишади. Бу Қўшма Штатлар томонидан уларга кутилмаган ажойиб совға бўлади”, — дейилади Трампнинг баёнотида.
Агар АҚШ миллий хавфсизлиги манфаатларига зид келмаса, Трамп Конгресснинг Саудия Арабистонига қарши таъсир чораларини кўриб чиқишини ҳам таъкидлаб ўтган.
“Сиёсий ва бошқа важлар билан ўзгача йўл тутишни истаётган Конгресс аъзолари ҳам бор — улар бунга ҳақли, албатта. Агар Америка хавфсизлигига тўлиқ мос келса, менга тақдим этилган ҳар қандай ғояни кўриб чиқишга тайёрман”, — дейилади АҚШ президентининг сешанба кунги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Американинг Washington Post газетасида шарҳловчи бўлиб ишлаб келган, 2017 йилдан буён АҚШда истиқомат қилган Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни Истанбул шаҳридаги Саудия Арабистони консуллигига кирганидан сўнг ғойиб бўлган эди. Саудия Арабистони давлат ОАВлари 20 октябрь куни кечаси мамлакат бош прокурорининг Қошиқчи ўлдирилгани ва унинг ўлимига консуллик ходимлари билан содир бўлган жанжал сабаб экани ҳақидаги баёнотини тарқатишди. Истанбул прокуратураси Қошиқчининг ўлдирилиши аввалдан режалаштирилганини, у бош консулликда бўғиб ўлдирилгач, унинг танаси бурдаланиб йўқ қилинганини таъкидлаган эди.
Саудия Арабистони бош прокуратурасининг тарқатилган баёнотига кўра, Қошиқчининг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноят иши юзасидан 21 киши ҳибсга олинган. Қотиллик жараёнининг бевосита беш иштирокчисига нисбатан прокуратура ўлим жазоси талаб қилмоқда, қолганларни эса шариат қонун-қоидаларига кўра жазо кутади.
Мавзуга оид
07:09 / 02.06.2026
1,7 миллион зиёратчи ва ақлли бошқарув. Ҳаж-2026 якунлари
08:37 / 29.05.2026
Жаҳон бойлик харитаси ўзгармоқда: янги лидерлар пайдо бўлмоқда
08:52 / 27.05.2026
Саудиядаги 1 километрлик осмонўпар бинода Хитой технологиялари қўлланади
08:43 / 23.05.2026