Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия vs Украина. Литва Киевга ёрдам таклиф қилди, ЕХҲТ махсус мажлис чақиради
Литва президенти Даля Грибаускайте Керч бўғозидаги воқеадан сўнг, Украинага ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Delfi хабар қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, Россия томони ўзига олган мажбуриятлар ва халқаро келишувларни бузмоқда.
«Шубҳасиз, Россия Украинага қарши тўғридан-тўғри ва тажовузкор уруш олиб бормоқда», - дея маълум қилди Грибаускайте.
Унинг қўшимча қилишича, Литва Россия томонининг хатти-ҳаракатларини қоралайди ва уни Украина кемалари ҳамда қўлга олинган экипаж аъзоларини озод этишга чақиради.
Шунингдек, хабар берилишича, ЕХҲТ доимий кенгаши Украина талабига кўра махсус мажлисга йиғилади. Бу ҳақда Украинанинг Венадаги халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхонаси твиттерда хабар берди.
«Бугун Киев вақти билан соат 17:00да (Тошкент вақти билан соат 20:00) ЕХҲТ доимий кенгашининг махсус мажлиси бўлиб ўтади. У Украина президенти Пётр Порошенко топшириғига кўра Украинанинг ЕХҲТдаги делегацияси талабига кўра чақирилади», - дейилади хабарда.
Шунингдек, Туркия ҳам ушбу можаро бўйича ўз муносабатини билдирди.
Ушбу давлатдан маълум қилишларича, Керч бўғозидан Қора денгизга борадиган йўллар тўсиб қўйилмаслиги лозим. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтидаги баёнотда айтилади.
Аввалроқ, Москва Украина ҳарбий кемалари билан содир бўлган воқеадан сўнг барча кемалар учун Керч бўғозини ёпиб қўйганди. Анқара «минтақавий тинчлик ва барқарорликка» путур етказиши мумкин бўлган қадамлардан қочишга чақирди. Шунингдек, вазирлик баёнотида халқаро ҳуқуққа ҳурмат билан қараш талаби қўйилган.
Ташқи ишлар вазирлигидан таъкидлашларича, Азов денгизи ва Керч бўғозида содир бўлган воқеалар ҳамда кескинликнинг кучайиши жиддий кузатиб борилмоқда. Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги Украина кемаларига қарата ўт очилгани, экипаж эса яралангани ҳақидаги хабарлардан ташвишда эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ The Washington Post Россия ва Украина ўртасидаги кескинлик янада кучайиши ҳақида ёзганди.