Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг асосий хусусияти самарасизлик бўлган кўплаб ғайритабиий монополиялардан қутулиш зарурияти ҳақидаги мақоласи эълон қилинди.

Йирик давлат компанияси директори ҳаётини бир зум тасаввур қилинг: хизмат машинаси, ҳашаматли бинодаги кабинет ва қўл остида ўн минглаб ходимлар. Бу асъаса-ю дабдаба билан ҳам унга асло ҳавас қилиб бўлмайди. Чунки компания мижозлари одатда миллионлаб кишилар бўлишади, директорнинг муваффақияти уларнинг қониқишига жуда боғлиқ. Бундай лавозим туну кун ишлашга мажбур қилади: компания самарадорлигининг оширилишини назорат қилиш, рақобатчиларнинг ҳаракатларини кузатиш, мижозларнинг истакларини доим олдиндан ҳис қила билиш керак.

Бунга қўшимча равишда мулкдорлар (акциядорлар) ва жамоатчилик директорнинг ҳар бир қадамини синчиклаб кузатишади. Масалан, Нью-Йорк ва Корнел университети иқтисодчилари ўз тадқиқотларида ижрочи директор ўзига қанчалик ҳашаматли ва қимматбаҳо уй харид қилаётган бўлса, демак компанияда ишлар шунчалик жойида эмаслигини исботлашган. Аксинча, компанияда ишлар қанчалик яхши бўлса, ижрочи директор қимматбаҳо харидлардан ўзини тияди: бозорни заруриятсиз безовта қилмаслик учун.

Директорлардан кўпинча директорлар кенгашига қабул қилинган қарор компаниянинг келгусида фойда кўришига айнан қандай таъсир кўрсатишини тушунтириш талаб этилади. Доимо жамоатчилик билан алоқада бўлиб туриш керак, чунки компаниянинг сердаромадлилиги борасидаги жамоатчилик кайфияти капитализацияга кучли таъсир қилади. Ходимларни мунтазам ишдан бўшатиб туриш зарурияти, баъзан, айниқса рентабеллик шуни тақозо этганда бутун бир бўлимлар ёки ҳаттоки фирманинг фаолият турини ўзгартириш ҳам оғир юк бўлади. Умуман олганда, топ-менежер иши кўп ҳам ҳавас қиларли иш эмас, шу сабабли уларга яхши пул тўланса керак.

«Женерал электрик» компаниясига 1878 йилда Томас Эдисон томонидан асос солинган. Яқинда компания лампочкалар савдоси бўйича бизнесдан чиқишини эълон қилди: унинг бу тузилмасида 17 минг киши ишларди. Ўтган йили GE қарийб бир аср мобайнида АҚШ бозорида етакчилик қилган соҳаси — маиший техникалар ишлаб чиқарувчи барча заводларини