Иқтисодиёт | 21:20 / 03.12.2018
29211
3 дақиқада ўқилади

Украина Ўзбекистондан енгил автомобиллар импорти масаласидаги суриштирув ишларини тўхтатди

Халқаро савдо бўйича идоралараро комиссия (ХСИК) Ўзбекистондан енгил автомобиллар импорти масаласида тергов-суриштирув ишларини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Украина иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги хабар берди.

«Суриштирув давомида Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси расмий тушунтириш тақдим этди: Ўзбекистон Республикаси президентининг "Хорижий инвестициялар иштирокида "Женерал Моторс Ўзбекистон" корхонасини барпо этиш тўғрисида" 2008 йил 21 февралдаги ПҚ-800-сонли қарорига мувофиқ, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларга 2017 йил охиригача имтиёзлар тақдим этилган бўлиб, 2018 йил бошидан бу имтиёзлар тўхтатилган», – дейилади ХСИК баёнотида.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги ҳам Украинага экспорт қилинган ўзбек автомобилларининг асосий ҳиссаси Украинада ишлаб чиқарилмайдиган «А» классидаги автомобилларга тўғри келиши ҳақида комиссияни хабардор қилган.

«ХСИТ компенсация чораларини кўриш зарурияти йўқлигини аниқлади ҳамда Ўзбекистондан Украинага енгил автомобиллар импортига нисбатан антисубсидия суриштирувини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди», деб хабар берди иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги.

Давлат фискал хизмати ва Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2017 йилда Украинага 13 940 дона янги автомобиль олиб кирилган бўлиб, ундан 2823 донаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, 2018 йилнинг январь-август ойларида эса жами 7808 дона автомобиль олиб кирилган, ундан 702 донаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина “УкрАвто” автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг аризаси асосида Ўзбекистондан енгил автомобиллар импорти масаласида тергов-суриштирув ишларини бошлаганди.

Ноябрь бошида депутат Расул Кушербаев Украинанинг чекловларига қарши ҳукумат ҳам чора кўришга тайёр туриши кераклигини билдирганди. 

Сўнгра ОАВ Ўзбекистон божхоначилари Украинадаги «Фармак» ХАЖнинг 2,2 млн доллар, «Юрий-Фарм» МЧЖнинг 2 млн доллар қийматдаги, шунингдек, бошқа ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини ушлаб туришгани ҳақида хабар берди.

Яна бир депутат Абдурашид Абдуқодиров ҳам Украинанинг бу ҳаракатларига жавоб қайтариш зарурлигини айтганди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳукумат аъзолари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон бош вазири депутатларнинг фикрларига жавобан Украина парламенти томонидан кўтарилиб, Украина ҳукуматига киритилган Ўзбекистон автомобилларига қарши чеклов ўрнатиш бўйича чораларга қарши ҳар қандай чора қўллашда вазминлик ва босиқлик билан иш тутиш зарурлигини маълум қилганди.

Украина Шакар ишлаб чиқарувчилар миллий ассоциацияси маълумотига кўра, 30 ноябрь ҳолатига Ўзбекистонга юборилган шакар ва юклар тушириб олинмаяпти ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмаган. «Укрцукор» корхонаси Украина Аграр ва озиқ-овқат сиёсати вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлигига Ўзбекистонга келтирилган Украина маҳсулотлари тўхтатиб қолинаётгани бўйича вазиятни аниқлаштириш ҳамда ҳал қилишни сўраб мурожаат қилган.

Мавзуга оид