Ўзбекистон | 18:33 / 20.12.2018
4183
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон – ХХР: Давлат хизматчиларининг малакасини оширишга доир ҳамкорлик натижалари сарҳисоб қилинди

19 декабрь куни Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) ва Хитой Халқ Республикаси (ХХР)нинг мамлакатимиздаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси девонхонаси вакиллари ХХР томонидан Ўзбекистон давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ходимлари учун 2018 йилда семинар ва тренинглар ташкил этиш йўналишидаги ҳамкорлик натижаларини сарҳисоб қилишди. ЛБМАнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими шу ҳақида хабар берди.

Бу каби семинарларда республиканинг турли вазирлик ва идораларнинг 1400 нафар ходими иштирок этди.

Тадбир жараёнида Агентликнинг ўқув жараёни самарадорлигини оширишдаги самарали фаолияти, хусусан маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш натижасида 200 дан зиёд энг долзарб ва талабгор ўқув курсларининг йўналишлари аниқлангани эътироф этилди.

Йўналишлар бўйича таклифлар Хитой томонига тегишли мавзулар бўйича семинарлар ташкил этиш учун топширилди.

ХХРнинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь ўз маърузасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг жадал ривожланаётгани, жорий йилда ўзаро товар етказиб бериш ҳажми 5 млрд. АҚШ долларидан ошганлигини таъкидлади.

Элчи иккала давлатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаётган бундай семинарларни ташкил этиш жуда муҳим эканини қайд этди.

ЛБМА директорининг ўринбосари Азим Аҳмадхўжаев ХХР элчихонаси ва савдо-иқтисодий масалалар бўйича девонхона раҳбарияти номидан ХХР ҳукуматига инсон капиталини ривожлантириш ва миллий кадрларни тайёрлашга қўшаётган ҳиссаси учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Мавзуга оид