Ўзбекистон | 09:42 / 22.12.2018
5043
5 дақиқада ўқилади

Ҳаво кемалари эксплуатантларига бир марталик парвозларни бажариш учун рухсатномалар бериш тартиби қандай? 

Фото: Benoit Tessier /Reuters

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳаво кемалари эксплуатантларига бир марталик парвозларни бажариш учун рухсатномалар бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, фуқаро ҳаво кемаларига тааллуқли бўлмаган хорижий давлатлар ҳаво кемаларига бир марталик парвозларни бажариш учун сўровнома тақдим қилиш ва рухсатномалар бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик (якка) парвозларни бажариш учун сўровномалар хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемалари эксплуатантлари  томонидан “Дававианазорат” инспекциясига бир марталик (якка) парвоз бажаришдан 3 календарь кун олдин тақдим қилинади.

Аризачи рухсатнома олиш учун “Дававианазорат” инспекциясига сўровномани инглиз ва рус тилларида зарур маълумотлар билан Ўзбекистон Республикаси Аэронавигацияси маълумотлари тўпламида эълон қилинган манзилларга мавжуд алоқа каналлари (интернет, почта, телефон ва бошқа электр алоқа воситалари) орқали кеча-кундуз тартибида тақдим қилади.
 
“Дававианазорат” инспекцияси сўровнома келиб тушган санадан бошлаб уч иш кунидан ошмайдиган муддатда сўровномани кўриб чиқади, рухсатнома беради ёки рад қилади.      

“Дававианазорат” инспекцияси аэропорт ишлаб чиқариш-диспетчерлик хизмати (АИЧДХ) билан ҳаво кемасини фуқаро авиацияси аэродромига қабул қилиш мумкин бўлган вақтини келишади.

Агар аризачи рухсат берилган санадан бошлаб 72 соат давомида парвозни бажаришга киришмаган бўлса берилган рухсатнинг амал қилиш муддати тугайди (шошилинч ҳоллар бундан мустасно).

Қуйидаги ҳолларда аризачига рухсат бериш рад қилиниши мумкин:
        
а) талаб қилинган маълумотлар тўлиқ ҳажмда тақдим қилинмаса;
б) тақдим қилинган маълумотларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлса;
в) СҲФЯБТО ва аэропортнинг ҳаво кемасини қабул қилиш имконсизлиги ҳақида асосланган салбий хулосаси бўлса.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемалари эксплуатантлари  томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик (якка) парвозларни бажаришга рухсатнома олиш учун “Дававианазорат” инспекциясига тақдим қилинадиган маълумот:
 
1) Ҳаво кемаси эксплуатантининг номи ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ХФАТ) таснифи бўйича уч ҳарфли белгиси.

2) Ҳаво кемаси ҳақида маълумотлар:

а) ХФАТнинг таснифи бўйича ҳаво кемасининг тури;
б) ҳаво кемасининг таниқлик белгиси (қатнов рақами ва шартли белгиси) ;
в) ҳаво кемасининг рўйхатга олинган рақами;
г) ҳаво кемасининг учиш-қўниш оғирлиги (вазни);
д) навигация ва алоқа ускуналарининг тури;
е) ҳаво кемаси эксплуатанти ва унинг юридик манзили.

3) Экипаж ҳақида маълумотлар:

а) ҳаво кемасининг капитани;
б) экипаж аъзоларининг сони (уларнинг фуқароликлари кўрсатилган ҳолда).

4) Режалаштирилаётган парвоз ҳақида маълумотлар:

а) парвоз мақсади;
б) Учиш ва қўниш пункти (ХФАТ кодларида), нуқталари (пунктлари) ва Ўзбекистон Республикаси самовий ҳудудига/дан кириш ва чиқиш ҳисоблаш вақти кўрсатилган, ҳар томонлама (универсал) мувофиқлаштирилган (ўзаро координацияланган) вақтдаги (ҲМВ) парвоз жадвали ва бажариш санаси;
в) Ўзбекистон Республикаси самовий ҳудудидаги парвознинг йўналиши ва баландлиги;
г) йўловчилар (сони, рўйхати, мақоми, фуқаролиги);
д) ташилаётган юкнинг рўйхати ва тавсифи (хусусияти);
е) ҳаво кемасининг ижарачиси ва унинг манзили;
ж) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кутиб олувчи томон (реквизитлари);
з) юк жўнатувчи/юк олувчи (реквизитлари);
и) бортда қурол ва ўқ-дорилар мавжудлиги.

5) Ўзбекистон Республикаси самовий ҳудудида аэронавигация хизматлари учун тўлов тури, банк реквизитлари, телефон ва факс кўрсатилган тўловчининг манзили.
 
6) Бортида хавфли юк билан парвоз бажариладиган ҳолда, аризачи “Дававианазорат” инспекциясига эксплуатантнинг ҳавода Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг рўйхати бўйича рақами кўрсатилган хавфли юкларни ташиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи сертификатини қўшимча тарзда тақдим қилади.

Мавзуга оид