Жаҳон | 23:45 / 30.12.2018
10931
2 дақиқада ўқилади

Юнкер Европа Иттифоқини «ўтакетган иккиюзламачилик»да айблади 

Фото: Sanderdewilde.com

Европа Иттифоқи давлатлари етакчилари ташқи чегараларни муҳофаза қилиш масаласида иккиюзламачилик қилмоқда. Бундай фикрни Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер Welt am Sonntag нашрига берган интервьюсида билдирди.

Юнкернинг таъкидлашича, 2 йилдан кўпроқ вақт давомида Европа Иттифоқи давлатларининг раҳбарлари чегараларни муҳофаза қилишни яхшилашга чорлаб келишади. Яқинда баъзи давлатлар чегара контингентини кучайтириш миллий суверенитетга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида гапира бошлаган.

«Бизга барчаси тез ривожланмоқда, рақамлар эса бўрттирилган”дейишади. Бу ўтакетган иккиюзламачиликдир», – деб айтган Юнкер.

Унинг айтишича, Европа давлатлари етакчилари чегаранинг етарлича қўриқланмаслигини танқид қилишади-ю, бироқ бу билан боғлиқ мажбуриятларни зиммаларига олишни исташмайди.

«Европа бундай фаолият юрита олмайди. Биз тайёр бўлиш ва Европа Иттифоқи ташқи чегаралари ҳақиқатан ҳам назорат остида бўлиши учун тез ҳаракат қилишимиз лозим. Бундан манфаатдор давлатлар ўз баҳоналарини четга суриб, ташқи чегараларни ҳимоялаш ҳақидаги таклифларни тез қабул қилишлари керак», – деб айтган Юнкер.

Сентябрда Брюссель Европанинг чегара ва соҳилбўйи қўриқлаш агентлигини (Frontex) кучайтириш ҳақидаги таклифни маъқуллади. 2020 йилгача агентлик ихтиёрига 10 минггача кишидан ташкил топадиган доимий захира контингенти тақдим қилинмоқчи. 

Frontex 2016 йил октябрдан бери фаолият юритади. У ўз ичига Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини бошқариш агентлиги ҳамда Европа Иттифоқи давлатларининг чегара назоратига масъул миллий тузилмаларини олади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид