Ўзбекистон | 19:30 / 11.01.2019
54512
2 дақиқада ўқилади

Эркинжон Турдимов Самарқанд вилояти ҳокимлигига расман тасдиқланди

Бугун, 11 январь куни Самарқанд шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Kun.uz мухбири хабар беришича, сессияда ташкилий масала кўрилди ва Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Эркинжон Турдимовнинг лавозимидан «в.б.» қўшимчаси олиб ташланди ва у вилоят ҳокими этиб расман тасдиқланди.

Эркинжон Турдимов 2018 йилнинг июлида коррупция можароси доирасида ишдан олинган Туроб Жўраев ўрнига Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди.

Эркинжон Турдимов – 1969 йил 10 июлда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1991-1995 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Сирдарё филиалида бўлим мутахассиси, «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Зарафшон бўлими пул муомаласи бўлимида бош мутахассис, бўлим бошлиғи ўринбосари, Зарафшон бўлими бошқарувчиси бўлиб ишлаган. 1995-1996 йилларда Зарафшон шаҳри ҳокими бўлган. 1996 йилдан 2000 йилгача Ўзбекистон Миллий банки Навоий бўлими бошқарувчиси, 2000-2008 йилларда Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокими сифатида фаолият юритган. 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб фаолият юритган.

2008-2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими бўлиб ишлаган. 2016 йил декабридан 2018 йилнинг ёзига қадар Сурхондарё вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг ўтган йилнинг ноябрь ойида Хоразмга ташрифи вақтида вилоят раҳбари Фарҳод Эрмановнинг лавозимида «вазифасини бажарувчи» қўшимчаси олиб ташланган эди. Декабрь ойида Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам Тошкентнинг тўлақонли ҳокимига айланганди. Айни вақтда вилоятлардан фақат Сурхондарёда Баҳодир Пўлатов ҳоким вазифасини бажарувчи мақомида қолмоқда.

Мавзуга оид