Ўзбекистон | 14:32 / 15.01.2019
11065
8 дақиқада ўқилади

Давлат активларини бошқариш агентлиги президент ва бош вазирга бўйсуниши белгиланди

Ўзбекистон Республикаси президенти «Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг таркибий тузилмаси;

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг бошқарув ходимлари чекланган сони 432 нафар, шу жумладан, Агентлик марказий аппарати – 109 нафар этиб белгиланди.

Агентлик директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

зарур ҳолларда, бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида Агентлик марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари тузилмаларини тасдиқлаш;

Агентликнинг ҳудудий бошқармаларининг бошқарув ходимлари чекланган сонини тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Агентликнинг бошқарув ходимлари мутахассисларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;

маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида, уларга истисно тариқасида Жамғарма маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда жалб қилиш;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан Агентлик ходимларига асосий эгаллаб турган лавозимлари бўйича лавозим маошлари (тариф ставкалари)га, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни белгилаш;

Агентликка юклатилган вазифаларни бажариш учун шартнома асосида жалб этиладиган малакали хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини халқаро амалиёт ва бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар Агентликнинг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармаларини таъминлаш бўйича харажатларнинг молиялаштириш манбалари этиб белгиланди.

Белгиланишича:

а) Агентлик:

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва давлат, шу жумладан, чет элдаги активларини бошқариш, хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш (шу жумладан, давлат улушларини сотиш), давлат активларини ижарага бериш, хўжалик жамиятларида корпоратив бошқарувни жорий этиш, иқтисодий ночор хўжалик жамиятларини молиявий соғломлаштириш, банкротлик, баҳолаш фаолиятида давлат томонидан тартибга солиш ва мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлаш бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

“Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази” ДУКнинг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

ўз ваколатларини мустақил равишда ва барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда олиб боради ҳамда ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва ҳисобот беради;

давлат активларини бошқариш соҳасида вазирликлар ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ хўжалик жамиятларининг устав капиталида ўзига берилган давлат акция пакетлари (улуш) бўйича акциядор (таъсисчи ва иштирокчи) ҳуқуқини амалга оширади;

Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан савдоларга қўйилган объектлар бўйича сотувчи функциясини бажаради. Бунда Давлат рақобат қўмитаси қайта ташкил этилиши муносабати билан савдо шартлари ва турлари ўзгаришсиз қолдирилади, объектларни савдодан ечиш, қайта баҳолаш ва қайтадан савдога қўйиш талаб этилмайди;

давлат улуши иштирокидаги хўжалик жамиятларининг жорий фаолиятига аралашмаган ҳолда ўзига юклатилган вазифаларни фақат корпоратив бошқарув усулларини қўллаган ҳолда бажарилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасига ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 октябридан кечиктирмай Агентлик фаолияти, шу жумладан, хўжалик жамиятлари фаолиятида стратегик ўзгаришлар натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этади;

б) Агентлик директори, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

в) Агентлик директори, унинг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари ва Агентлик ходимлари белгиланган тартибда хўжалик жамиятлари кузатув кенгаши аъзолигига сайланиш ҳуқуқига эгадирлар;

г) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш Агентликнинг директори томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

д) Агентлик ходимларига тугатилаётган Давлат рақобат қўмитаси ходимлари учун назарда тутилган тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби сақлаб қолинади;

е) Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини Агентликда қўллашда таълим даражаси минимал қисми бўйича хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган тегишли йўналишдаги мутахассисларга нисбатан ишга қабул қилишда, ишчилар касблари бўйича малака даражаларини белгилашда, истисно тариқасида, тавсиявий хусусиятга эга;

ж) Давлат рақобат қўмитаси қайта ташкил қилиниши муносабати билан у ва унинг ҳудудий органлари томонидан аввал берилган лицензиялар, ҳуқуқ берувчи, рухсатнома ҳужжатлари ва илгари улар томонидан қабул қилинган қарорлар ўз кучини сақлаб қолади ва уларни бекор қилиш ёки ўзгартириш талаб этилмайди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

2019 йилнинг 1 апрелидан хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши (банклар кенгаши) таркиби ва ижроия органи аъзоларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқлаш, шунингдек, уларни давлат органларининг раҳбарлари ёки раҳбар ўринбосарларига тенглаштириш амалиёти бекор қилинади;

2019 йил 1 июлидан бошлаб давлат органларининг раҳбарлари ёки раҳбар ўринбосарлари, Агентлик бундан мустасно, уларда корпоратив бошқарув малака аттестати мавжуд бўлганда давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши аъзолигига давлат улуши бўйича сайланишлари мумкин;

хўжалик жамиятлари кузатув кенгаши (банклар кенгаши) таркиби давлат органлари, ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари билан келишилмасдан акциядорлар умумий йиғилиши қарори билан тасдиқланади;

хўжалик жамиятининг ижро органи (раҳбар ва раҳбар ўринбосарлари) танлов асосида юқори малакали, шу жумладан, хорижий мутахассислар орасидан танлаб олинади ва давлат органлари, ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари билан келишилмасдан акциядорлар умумий йиғилиши ёки кузатув кенгаши қарори билан тайинланади;

келгусида хўжалик жамиятлари устав капиталида (фондида) шаклланадиган, акциядорнинг (таъсисчининг) ҳуқуқлари давлат органлари ва муассасалари томонидан амалга ошириладиган давлат улуши Агентликка берилади;

келгусида хўжалик жамиятлари устав капиталида шаклланадиган давлат органлари ва муассасалари томонидан акциядор (таъсисчи) ҳуқуқлари амалга ошириладиган давлат улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига берилади;

илгари давлат акцияларини ишончли бошқарувга инвестиция активлари бўйича ишончли бошқарувчиларга бериш бўйича тузилган битимлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар илгари имзоланган шартлар асосида Агентлик томонидан қўшимча битимларни тузиш йўли билан қайта расмийлаштирилади;

хўжалик жамиятлари иш ҳақи миқдорини, бошқарув ва техник ходимлар бирлигини, автотранспорт воситалари сонини белгилаш ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ хўжалик бошқаруви органлари учун алоҳида тартиб ўрнатилган масалалар бўйича қарорларни мустақил равишда қабул қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат рақобат қўмитаси тугатилгани хабар берилганди.

Мавзуга оид