2019 йилги Осиё Кубогида илк марта VAR тизими (видеотакрорлардан фойдаланиш) жорий қилинди. Бу тизим турнирнинг бошидан эмас, фақат чорак финалдан қўлланилиши кўпчиликни ҳайрон қолдирган бўлиши табиий. Бунинг ҳам ўзига хос объектив сабаблари бор.
Нега чорак финалдан?
Эсингизда бўлса, ўтган йилларда ФИФА ҳам бу тизимни қўллашга шошилмаган, бу янгиликка анча скептик ёндашганди. Россияда ўтган жаҳон чемпионати келажакда қандай йўлдан бориш кераклигини узил-кесил ҳал қилди. Ўша турнирда бу тизим ижобий баҳо олди, синовдан жуда яхши ўтди. Шундан кейингина, ФИФА бу борада ўз йўлини белгилаб олди, конфедерацияларга тавсиялар берди. Шунинг учун ҳам ОФК, менимча, бу йўналиш учун инвестиция қилишга шошилмаган, ЖЧ-2018 турнирини ва ФИФАнинг хулосасини кутган. Чунки тизим жаҳон чемпионатида ўзини оқламаслиги ва номаълум муддатга кечиктирилиши ҳам мумкин эди.
Ўтган олти ой давомида ОФК ҳам бу йўналишда иш олиб борди, Осиё кубоги учун VAR тизимини ишга туширишга ҳаракат қилди. Фақат бугунги кунда, бу тизим билан майдонда ишлай оладиган ва VAR ҳаками сифатида ишлаш малакаси бўлган ва тегишли лицензияга эга ҳакамлар сони чекланган. Осиё кубогидаги ҳакамлар ичида VAR ҳаками сифатида ишлаши мумкин бўлганлар сони 16 нафар. Улар ичида бошқа конфедерациялардан таклиф этилганлар ҳам бор. Улар – Сезар Артуро Рамос (Мексика), Паоло Валери (Италия) ва Данни Маккели (Нидерландия). Бу рўйхатда Равшан Эрматов ҳам бор.
Ёрдамчи VAR ҳаками бўла оладиган мутахассислар сони эса – 20 нафарни ташкил этар экан. Улар ичида Эрматовдан ташқари, бошқа бир ҳамюртимиз Жаҳонгир Саидов ҳам ўрин олган. Масалан, Равшан Эрматов чорак финалнинг биратўла икки ўйинига тайинланганига эътибор беринг. Жанубий Корея – Қатар ўйинини у майдонда бошқарса, (VAR ҳаками сифатида Эрматовга Паоло Валери ёрдам беради), Хитой – Эрон ўйинида у VAR ҳаками Данни Маккелига ассисентлик қилади.
Хуллас, бу сон билан гуруҳ босқичини ўтказиш назарий томондан имконсиздир. Чунки ҳакам тайинлашда, бош ҳакам, унинг ёрдамчилари, VAR ҳакам ва унинг ёрдамчилари иштирокчи терма жамоалар билан бир мамлакатдан бўлмасликлари, ўша гуруҳдаги бошқа жамоаларга ҳам «бегона» бўлишлари, ва ҳатто ўша гуруҳ жамоаларига кейинги босқичда рақиб бўлиши мумкин бўлган мамлакатлардан бўлмаслиги керак. Шунингдек, ўйинлар турли шаҳарларда ва қисқа вақт оралиғида бўлиб ўтади. Бу шароитларда, кам сонли VAR ҳакамларини тақсимлаш имконсиз бўлиб қолади. Чорак финалдан бошлаб ўйинлар сони камаяди, вариантлар ошади. Руйхатдаги ҳакамлар ўйинларни бошқариш учун етарли бўлади.
Шу ўринда, аслида бутун турнир давомида VAR тизими тест (оффлайн) режимда ишлаганини ҳам айтиб ўтиш керак. Барча ўйинларда VAR тизими ишлади, фақат ўйинга таъсир кўрсатилмади холос.















