Москвадаги Ғалаба музейида UCMAS Ақлий арифметика бўйича болалар маркази томонидан ташкиллаштирилган IV Бутунроссия ментал арифметика мусобақаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.

5 ёшдан 13 ёшгача бўлган болалар саккиз дақиқада ҳар хил мураккаблик даражасидаги 200 дан ортиқ арифметик мисолларни ечишлари, товуш чиқарган ҳолда, визуал ва flash (экранда тез пайдо бўлувчи мисоллар) ёрдамида ҳисоблашлари керак эди.

Агентлик маълумотларига кўра, ўзбекистонлик Муҳаммадюсуф Анваров Beginner (кичик синф) йўналишида олимпиадада биринчи ўринни эгаллади. У олтин медаль ва кубокни қўлга киритди.

Шуни таъкидлаш керакки, бу унинг биринчи ғалабаси эмас. Муҳаммадюсуф 2018 йилнинг май ойида Москвада ташкил этилган ақлий арифметика бўйича чемпионатда иштирок этди. Ўшанда ҳам у олтин медаль билан тақдирланган.