Жаҳон | 20:01 / 19.02.2019
11854
1 дақиқада ўқилади

Индонезияда 15 йил аввалги цунами қурбонлари оммавий қабри топилди

Фото: Hotli Simanjuntak / EPA

Индонезияда 15 йил аввал, 2004 йил Жануби-Шарқий Осиёга ёпирилган улкан цунами қурбонлари оммавий қабри топилди. Бу ҳақда Daily Mail нашри маълум қилди. 

Маълумотларга кўра, оммавий қабр Суматра оролининг шимолидаги Ачех вилоятида шифохоналар қуриш режалаштирилаётган майдон кўздан кечирилаётганда топилган. Тахминларга кўра, қабрда юзлаб одамлар кўмилган бўлиши мумкин. 

Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу ҳудудда бундай қабрлардан юзлаб бор. Улардан кўпчилиги ҳеч қандай белгиланмаган, чунки табиий офат қурбонлари касаллик тарқалмаслиги учун шошилинчда кўмилган.

2004 йил 26 декабрда Жануби-Шарқий Осиёда 9-9,3 магнитудали зилзила юз берган. Ушбу зилзила сейсмографик кузатувлар олиб борилаётган вақтдан бери кучлилиги бўйича 3-рақамлиси ҳисобланади. Оқибатда Ҳинд океанида улкан тўлқин ҳосил бўлиб, 14 давлат, жумладан, Индонезия, Ҳиндистон ва Таиланд соҳилбўйига ёпирилган. Табиий офат оқибатида 230 мингдан кўпроқ одам, жумладан 167 мингдан кўпроқ индонезиялик ҳалок бўлган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид