Жаҳон | 08:40 / 24.02.2019
9776
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонининг илк аёл элчиси: Рима Бинт Бандар АҚШга элчи этиб тайинланди

Фото: Kawa News

Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд қиролликнинг АҚШдаги элчихонасига илк бор аёл кишини – Рима бинт Бандар бин Султон бин Абдулазиз Ол Саудни тайинлади. Бу ҳақда SPA ахборот агентлиги хабар берди

Малика Рима АҚШнинг Вашингтондаги элчихонасига 22 йил – 1983 йилдан 2005 йилгача раҳбарлик қилган шаҳзода Бандарнинг қизи ҳисобланади. У АҚШда тарихий меросни сақлаш соҳасида таълим олган. 2014 йилда малика Forbes журналига кўра, араб оламидаги энг нуфузли 200 аёл орасига киритилган. У бу тайинловгача Бош спорт федерацияси раҳбари вакили лавозимини эгаллаб келган. 

Шунингдек, қирол Салмон АҚШдаги элчи лавозимидан ўз ўғли Холид бин Салмонни озод қилиш ва уни мудофаа вазири ўринбосари этиб тайинлаш ҳақидаги фармонни қабул қилди. 

Шу тариқа, шаҳзода Холид акаси – валиаҳд шаҳзода ва мудофаа вазири ҳисобланувчи Муҳаммад бин Салмоннинг ўринбосари этиб тайинланди.  

Холид бин Салмон элчилик қилаётганда 2018 йил октябрда Истанбулда журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилгандан кейин танқидлар остида қолган. Араб матбуотининг ёзишича, айнан унинг кўрсатмасига кўра Қошиқчининг ҳужжатлари АҚШда кўриб чиқиш учун қабул қилинмай, журналист атайлаб Истанбулдаги консулликка жўнатилган ҳамда шу тариқа ушбу қотилликда валиаҳд шаҳзоданинг қўли борлиги тахмин қилинган.   

Мавзуга оид