Жаҳон | 09:19 / 26.02.2019
3549
3 дақиқада ўқилади

Кубаликлар конституцияга қўшимчаларни маъқуллади

Фото: Ernesto Mastrascusa / EPA / ТАСС

Овоз бериш натижаларига кўра, Куба аҳолиси мамлакатнинг янги асосий қонуни қабул қилинишини маъқуллади. Янги матн учун 6,81 миллион киши овоз берди, бу сайловчиларнинг 73,3 фоизини ташкил этади. 7,6%, яъни тахминан 700 минг киши қарши чиқди.

Овоз беришда 7,8 миллион одам иштирок этди - электоратнинг 84,4 фоизи.

Конституциянинг ҳозирги ўзгариши қарийб 40 йиллик даврда Куба асосий қонунини биринчи марта кенг миқёсда қайта кўриб чиқишдир. Бироқ, бундан аввал кичик ўзгаришлар ҳам қилинган. Масалан, 2002 йилда 1976 йилда қабул қилинган ҳужжат таҳрири учинчи моддасига Куба «ҳеч қачон капитализмга қайтмаслиги» ва социалистик давлат сифатида сақланиб қолиниши ҳақидаги хатбоши киритилди.

Ҳозирги ислоҳотларни ишлаб чиқиш 2013 йилда бошланди ва Мигел Диас-Канелнинг ҳокимият тепасига келиши билан тезлашди. Ўтган йилнинг апрелида у Раул Кастро ўрнини Давлат кенгаши ва Вазирлар кенгаши раиси лавозимида алмаштирди.

Янги Конституцияни қабул қилиш билан мамлакатни бошқариш тизими ўзгаради - президент ва бош вазир лавозимлари таъсис этилади. Ҳозир бу лавозимлар расман бирлаштирилган ва Давлат кенгаши ҳамда Вазирлар кенгаши раиси давлат раҳбари ҳисобланади. Президентнинг ваколат муддати иккита беш йиллик муддат билан чекланади. Президентни Миллий йиғилиш (парламент) депутатлари сайлайди. 

Бош вазир қандай тасдиқланиши тақдим этилган матндан ҳозирча номаълум бўлиб турибди. Куба замонавий тарихида бош вазир лавозими бўлган, уни 1959 йилдан 1976 йилгача Фидель Кастро эгаллаган.

Асосий қонуннинг сиёсий блокида «жамиятнинг асосий йўналтирувчи кучи» сифатида Коммунистик партия ҳақидаги эслатма сақланиб қолади.

Муҳим ўзгаришлар Конституциянинг «иқтисодий» моддаларига киритилади. Унда «эркин бозор ва мулкчиликнинг янги шакллари, шу жумладан, хусусий мулк»ни тан олувчи банд пайдо бўлади, лекин асосий ишлаб чиқариш воситалари ҳамда иқтисодиётни режалаштириш характерига давлат эгалик қилиши бўйича позиция сақланиб қолади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид