Ўзбекистонда суратга олинган ҳинд фильми халқаро совринга муносиб топилди
Ҳинд киноижодкорлари томонидан Ўзбекистон ҳудудида суратга олинган Hoichoi Unlimited фильми продюсери Дев Адхикари IIFTC-2019 доирасида хорижда суратга олинган энг яхши фильм продюсери сифатида эътироф этилди. Продюсер миннатдорчилик нутқида Ўзбекистон ва унинг халқи ҳақидаги фикрлари билан бўлишди. Ҳиндистондаги Ўзбекистон элчихонасидан Kun.uz'га шу ҳақида хабар берилди.
Ҳиндистоннинг фильм саноати маркази бўлган Мумбай шаҳрида Ҳиндистон Халқаро фильм ва туризм кенгашининг (IIFTC) навбатдаги тақдирлаш маросими ва IIFTC-2019 кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда 2018 йил давомида ҳинд киноижодкорлари томонидан хорижда суратга олинган фильм ижодкорлари тақдирланди.
Тадбирда Ҳиндистоннинг турли штатларидан келган ижодкорлар билан бир қаторда 20 дан ортиқ хорижий мамлакатлар вакиллари, жумладан, Шри Ланка, Фижи, Швеция, Сербия, Озарбайжон, Россия, Норвегия ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган продюсерлар, кино саноати мутахассиcлари иштирок этишди.
IIFTC-2019 тадбири давомида 2018 йилда Ўзбекистон ҳудудида суратга олинган Hoichoi Unlimited фильмининг продюсери ва бош роль ижрочиси Дев Адхикари иштирок этиб, ушбу фильми учун “Энг яхши продюсер” совринини қўлга киритди.
Дев Адхикари тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон ва унда яшовчи одамларга алоҳида тўхталиб ўтди:
“Фильмларни суратга олишда жой танлаш масаласи жуда муҳим ҳисобланади. Мен бу масалага доимо ўзгача ёндашишга ҳаракат қиламан. Ўтган йили ўз фаолиятимда биринчи марта Ўзбекистонда фильм суратга олдим. Ўзбекистон жуда ҳам гўзал мамлакат, турфа хил табиат манзаралари ва бетакрор мислсиз тарихий обидаларига эга. Бу мамлакат инсонларини меҳмонларга ва айниқса ҳинд киноижодкорларига бўлган ўзгача меҳри ва самимий муносабатини алоҳида таъкидлашни истардим. Фильмни суратга олиш жараёнида жамоамиз билан бу меҳрни доимо ҳис қилиб турдик ва бу ўз навбатида лойиҳамиз янада муваффақият қозонишига сабаб бўлди деб ўйлайман. Фурсатдан фойдаланиб, фильмни суратга олишда яқиндан ёрдам берган Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Элчихонасига, “Ўзбеккино” миллий агентлигига ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шу ерда жам бўлиб турган барча фильм продюсерларига Ўзбекистонда фильм суратга олишни тавсия қиламан”.
Таъкидлаш жоизки, IIFTC'нинг асосий мақсади йил давомида халқаро туризм алоқаларини янада кенгайишига ҳисса қўшган фильмларни аниқлаш ва рағбатлантириш, режалаштирилаётган ҳинд фильм лойиҳаларини суратга олиш учун ўзига ҳос ва янги жойларни топиш ва бу жараёнларни самарали амалга оширишда турли мамлакатлардан келган ҳамкорлар ва ҳиндистонлик киноижодкорлар ўртасида алоқа ўрнатишдир.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
19:27 / 13.11.2024
Покистон ва Ҳиндистонни қоплаган тутун коинотдан кўрина бошлади
19:10 / 13.11.2024
Ҳиндистон фонд бозоридаги бум: молиявий инқилоб шовқини рискларни ёпиб кетяптими?
19:56 / 11.11.2024