Ўзбекистон | 21:10 / 01.03.2019
7042
2 дақиқада ўқилади

Темурийлар тарихи давлат музейи ўз мобил иловаси ва QR-кодларга эга бўлди

Темурийлар тарихи давлат музейининг мобил иловаси, 150 дан ортиқ экспонатнинг QR-кодлари яратилди, шу билан бирга музей залида интерактив сенсорли проекторлар ўрнатилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди

Ўзбекистонда музейлар фаолиятини ривожлантириш, музей ва у ерга келувчи меҳмонларнинг ўзаро алоқалари билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилмоқда. Музей ишида ахборот тизимини шакллантириш, музейларни компьютерлаштириш, уларни интернет тармоғига улаш, мультимедиа дастурлари ва барча музейлараро ягона ахборот тизимини шакллантириш орқали масофадан ўқитиш технологиясини ривожлантириш талаб этилмоқда. 

Президентнинг 2018 йил 26 августдаги 3920-сонли республикада маданият ва санъатни инновацион ривожлантириш чора-тадбирларига доир қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Темурийлар тарихи давлат музейининг мобил иловаси, 150 дан ортиқ экспонатларининг QR-кодлари яратилди. Шу билан бирга, музей залида интерактив сенсорли проектор ўрнатилди – унда музейнинг виртуал кўриниши, Амир Темур ва темурийлар даври тарихига бағишланган мультимедиа намойиш этилмоқда.   

“Шу тариқа янги ахборот технологияларини жорий этиш халқимиз ва сайёҳларга қулайлик яратиш, тарихимизни кенг тарғиб этиш, экспонатлар ҳақидаги маълумотларни кенгроқ очиб беришда ёрдам беради”, - дейилади манбада. 

Мавзуга оид