Жамият | 21:43 / 11.03.2019
23618
4 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Марҳаматда йўллар ўнгланган, имло хато тўғриланди, «астанопка»чи?

Бундан бир ой олдин, 7 февраль куни Kun.uz сайтида «Андижон томонларда: МарҲаматнинг лой йўллари ва йўлка устидаги «астанопка» ҳақида» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мазкур танқидий материалда Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги бир талай салбий ҳолатлар келтирилган.

Мурожаатчилар томонидан келган арзномага асосан туман маркази Мустақиллик кўчасидаги пиёдалар йўлакчаси устига савдо дўкони ва бекат қурилаётгани билан танишиб, бундан аҳоли вакиллари норозилиги борасида туман ҳокимлиги вакиллари билан учрашган эдик.

Шаҳарчадаги такси ҳайдовчилари бизга Ўзбекистон МФЙдаги кўп қаватли уйларга олиб борувчи йўлларнинг аҳволини кўрсатишган, аҳоли ва транспорт қатнови учун яроқсиз «сўқмоқ»лардан ишга қатнаётган кишилар, мактабга бораётган болажонлар билан суҳбатлашиб, мазкур ҳолатлар мақолада суратлар орқали акс эттирилганди.

 Учинчи  муаммо эса туман ҳокимлиги биноси пештоқидаги имло хатолар билан боғлиқ эди.

Мақола эълон қилингач, орадан бир кун ўтиб, ҳокимият биноси пешонасидаги имло хато тўғрилангани ҳақида маълумот олганмиз. Бу муаммо катта меҳнат талаб қилмаслиги учун тез фурсатларда бартараф этилган.

Хўш, Ўзбекистон МФЙдаги йўл ҳолати ва Мустақиллик кўчасидаги тротуар устига қурилаётган бекат масалалари қандай ҳал этилди? Биз аҳолидан такрор тушган арзномалардан сўнг яна мавзуга қайтдик.

Йўллар таъмирланган

Туман таксичилари бизни олиб бориб ҳолатни кўрсатган «Дукчи эшон» ва «Ўзбекистон» МФЙ туташган жойдаги кўпқаватли уйлар атрофи йўллари бўйича маълум ишлар амалга оширилибди.

Ҳудуддаги «Оқибатли» ва «Чорбоғ» кўчаларида яшовчи аҳоли ва уларнинг фарзандлари қатнайдиган 43-умумий таълим мактаби ва 20-мактабгача таълим муассасасига олиб борувчи йўлларда текислаш ва шағаллаш ишлари олиб борилган. Умуман олганда, атрофидаги жами 2 километр йўлларда таъмирлаш ишлари якунланган. Айни пайтда маҳалла аҳолиси ишга, уларнинг болалари эса таълим масканларига «оёғи лой кўрмай» бориб келмоқда.

Тротуардаги бекат-чи?

Олдинги мақолада Мустақиллик кўчасининг пиёдалар ўтиш жойига қурилаётган бекатга алоҳида тўхталиб, мазкур иншоот аҳолига жуда катта ноқулайликлар туғдираётгани ҳақида ёзилганди. Бу борада туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Омадбек Аслонов ва туман архитектори муаммоли ҳолат тез орада ҳал қилинишини айтишганди.

Орадан ой ўтиб, фуқаролар пиёдалар йўлидаги бекат бўйича умуман ўзгариш бўлмагани ҳақида яна мурожаат қилишди.

Марҳамат туманига борганимизда чиндан ҳам Мустақиллик кўчасидаги бекат тротуарда турганига гувоҳ бўлдик. Унинг эгаси дўконни ишга тушириб, савдони ҳам бошлаб юборган. Фуқаролар «астанопка» орқасидан қисиниб ўтиб юришибди.

Биз туман ҳокими билан Шуҳратбек Қамчиев билан суҳбатлашдик. Мутасадди бекат масаласида қарор ва бошқа ҳужжатларни бекор қилиш бўйича иш кетаётгани ва март-апрель ойларида муаммо тўла бартараф этилишини айтди. Ҳоким матбуотда эълон қилинаётган ҳар қандай танқидий-таҳлилий мақола туман ҳокимлиги томонидан эътиборсиз қолдирилмаслигига алоҳида урғу берди.

Kun.uz сайти фуқаролар мурожаати асосида ўша жойга бориб-ўрганиб ёзилган танқидий мақолаларга ўз вақтида ижобий ечим топишга ҳаракат қилган мутасадди ташкилотлар саъй-ҳаракатларини ҳам ёритиб бормоқда.

Марҳамат тумани ҳокимлиги ҳам камчиликларни бартараф қилишга бел боғлаган.

Ўйлаймизки, туман марказидаги бекат масаласи ҳам тез кунларда аҳоли фойдасига ҳал бўлади.

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид