Ўзбекистон | 23:25 / 13.03.2019
5022
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Хитой бозоридаги иштирокини оширмоқда - Yarn Expo Spring 2019 

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси делегацияси Хитойдаги Yarn Expo Spring 2019 кўргазмасида иштирок этмоқда, дея хабар беради уюшма матбуот хизмати. 

12-14 март кунлари "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси делегацияси ҳамда маҳаллий тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноат ишлаб чиқарувчилари Шанхай шаҳри (Хитой)даги YarnExpoSpring 2019 халқаро кўргазмасида қатнашмоқда. Иштирокдан мақсад - мамлакат экспорт маҳсулотлари улушини Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида кенгайтириш, шунингдек салоҳиятли истеъмолчилар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ва улар билан экспорт шартномаларини имзолаш. 

Фото: "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси

Кўргазмада Ўзбекистоннинг Textile Technologies Group, Surxon Teks, Global Textile Solutions каби қатор компаниялари ўз маҳсулотларини намойиш қилди. 

Yarn Expo Spring 2019 доирасида салоҳиятли инвесторлар билан учрашув ва музокаралар ташкил қилинди ҳамда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. 

"Ўзтўқимачиликсаноат" вакиллари мазкур кўргазма билан бир вақтда яна тўрт кўргазмада иштирок этишади: Intertextile Shanghai Apparel Fabrics - кийим матолари ва аксессуарлар кўргазмаси, Inter Textile Shanghai Home Textiles - уй текстили кўргазмаси, PH Value трикотаж кийим-кечаклар ва тўқилган маҳсулотлар кўргазмаси ҳамда CHIC модалар кўргазмаси. 

Бу кўргазмалар Хитойнинг етакчи текстиль хомашё етказиб берувчилар билан алоқа ўрнатиш, шунингдек маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг минтақадаги савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва Хитой бозоридаги иштирокини ошириш учун ажойиб имкониятдир. 

Фото: "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси

Yarn Expo - етакчи сорсинг платформаларидан бири, унда Осиё ва Европа мамлакатлари вакиллари ўзларининг сўнгги тола ва ип коллекцияларини  ҳамда ихтисослаштирилган маҳсулотларини намойиш қилишади. Бу хорижликлар учун минтақадаги савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва Хитой бозоридаги иштирокини ошириш учун қулай имкониятдир. 

Мавзуга оид