Жаҳон | 19:27 / 21.03.2019
10535
2 дақиқада ўқилади

Пентагон Туркияга F-35 қирувчиларини бериш жараёнини тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди

Фото: Master Sgt. Donald R. Allen

Пентагон Анқарани Россиянинг С-400 зенит ракета тизимидан воз кечишга кўндириш мақсадида Туркияга бешинчи авлод F-35 қирувчиларини бериш жараёнини тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди, деб ёзади ТАСС.

АҚШ мудофаа вазирининг халқаро хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Кэтрин Уилбаргернинг Reuters агентлигига билдиришича, "турк учувчиларини F-35 самолётларини бошқаришга ўргатиш дастури тўхтатиб қўйилиши мумкин".

"Бу Анқара учун мақсадимиз жиддий эканлиги ҳақидаги огоҳлантириш бўлади", - деб қўшиб қўйган у.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ С-400 тизимини сотиб олиш НАТОнинг F-35 самолётларига эга бўлган барча иттифоқчилари хавфсизлигига таҳдид солиши ҳақида Туркияни бир неча бор огоҳлантирган.

"С-400 – бу компьютер, F-35 ҳам компьютер. Ҳеч ким ўз компьютерига душман компьютерини уламайди, бу ерда эса айнан шундай ҳолат юз бермоқда", - деган Уилбаргер.

Аввалроқ Пентагон расмий вакили Эрик Пэхон Туркиянинг Россиядан С-400 зенит ракета мажмуаларини сотиб олиши "жиддий оқибатларга олиб келишини" билдирганди.

Анқарага С-400’нинг тўртта дивизионини етказиб бериш бўйича келишувга 2017 йил сентябр ойида эришилди. Шартнома қиймати 2,5 миллиард долларни ташкил этади, аммо бу маблағнинг ярми Россия кредити билан қопланади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид