Жаҳон | 17:50 / 25.03.2019
71697
6 дақиқада ўқилади

Нур-Султон биринчиси эмас. Номи ўзгарган шаҳарлар

© Борис Грушин/ТАСС

Қозоғистон пойтахти номининг Остонадан Нур-Султонга ўзгартирилиши ва бу номланиш 125 млн долларга тушиши катта шов-шувлар кўтарди, муҳокамалар ва ҳатто можароларга сабаб бўлди. Аммо мозий, ҳатто янги тарих ҳам қатор йирик шаҳарларнинг номи турли сабабларга кўра ўзгаришига гувоҳ бўлган.

МДҲ

Ленинград – Санкт-Петербург

Ленинград, 1960-йиллар
Санкт-Петербург, 2018 йил
Фото: Piter.TV

СССР жаҳон харитасидан ўчганидан кейин унинг мероси ва мафкурасини эслатувчи қатор номлардан воз кечилди. Шу доирадаги ҳаракатлардан бири Ленинград шаҳри ва области номларини Санкт-Петербургга ўзгартиришга уринишлар бўлди.

Дастлаб Ленинград шаҳрида шаҳарни Санкт-Петербургга ўзгартириш бўйича тезкорлик билан ўтказилган референдумда кўпчилик буни ёқлаган бўлса-да, иккинчи босқичда — область номини ҳам ўзгартиришда катта норозиликлар юзага келди ва кўпчилик ҳар икки номни сақлаб қолиш талаби билан кўчаларга чиқди.

Улар «Мен Санкт-Петербург учун жангга кирмагандим!», «Тарихни унутма, Санкт-Петербург блокадаси бўлмаган», «Аҳмоқона номлашлар учун сарфланувчи 140 миллионни ким тўлайди?!» каби шиорлар кўтариб чиқишганди. Шу норозиликлар сабабми, олдинги номнинг иккинчи жаҳон урушидаги аҳамияти туфайлими, область номи ўзгартирилмади ва ҳануз Ленинград деб номланади.

Сталинобод ва Ленинобод Тожикистоннинг бош шаҳарлари эди

Душанбе шаҳрининг 1929—1961-йиллар давомида, яъни оз эмас кўп эмас 32 йил мобайнида Сталинобод деб номланганини кўпчилик унутиб юборган. Аммо бу давлатнинг иккинчи йирик шаҳри номи Ленинободдан Хўжандга ўзгартирилгани айнан мустақиллик шарофати билан рўй берган ва буни ҳамма, жумладан Ўзбекистон аҳли ҳам яхши билади. Ҳар икки шаҳарнинг ҳар икки томонлама ўзгаруви ҳам тинч йўл билан кечган.

Свердловскдан Екатеринбургга

Свердловск, 1959 йил
Фото: LiveJournal
Екатеринбург, 2018 йил
Фото: Meteo-tv

Бу шаҳарга 1723 йилда асос солинган ва 1924 йилга қадар Россия тарихида улкан из қолдирган император Екатерина шарафига аталиб келинган. Қизиллар инқилобидан кейин бу тарихдан воз кечилди ва шаҳар бор йўғи 34 йил яшаган бўлса-да, ҳам инқилоб ишида, ҳам қизил террорда ва ҳатто шоҳ оиласи қирғинида фаоллик кўрсатган Яков Свердлов номига Свердловск деб ўзгартириб юборилди.

Аммо 1991 йилга келиб яна ном ўзгарди ва Свердловск Екатеринбургга айлантирилди.

Сталинграддан Волгоградга

Сталинград, 1980-йиллар
Фото: GETTY IMAGES
Волгоград, 2018 йил
Фото: ИноСМИ

1589 йилда асос солинган ва 1925 йилга қадар Царицин деб атаб келинган бу шаҳар ҳам «халқлар доҳийси» шарафига Сталинград деб аталди. Бу иш доҳийни улуғлашдаги навбатдаги қадамлигича қолиши мумкин эди. Аммо иккинчи жаҳон урушида айнан шу шаҳар Сталин ва Гитлернинг жон аччиғидаги кураш майдонига, принципиал қатъиятлар рамзига айланиб кетди. Сталинград қирғини ҳамон тарихчилар томонидан энг шафқатсиз муҳорабалардан бири деб айтилади ва ҳар бир қарич ер учун жанг қилган аскарларнинг бу майдондаги ўртача умри 2 соатга тенглиги ҳисоблаб чиқилган. Яъни, мутлақ кўпчилик тутдек тўкилган, уларнинг аксарияти ёш йигитчалар эди.

1961 йилга келиб, шахсга сиғиниш қораланиши даврида Сталинград номи Волгоград деб ўзгартирилди.

Кенигсбергдан Калининградга

Иккинчи жаҳон уруши якунига кўра, СССР кўплаб ютуқлар қаторида Кенигсберг шаҳрини ҳам ўзиники қилиб олди. Шаҳар эски номида қолиши мумкин эмасди. 1946 йилга келиб шошилинчда ном ўзгартириш зарурати пайдо бўлди ва уни «иттифоқ оқсоқоли» деб улуғланувчи, яқинда вафот этган Калинин шарафига Калининград деб ўзгартиришди. Аммо Михаил Иванович Калининнинг бу шаҳарга бирор жиҳатдан алоқаси бўлмаган.

Фрунзедан Бишкекка

Қирғизистон пойтахти дастлаб Пишпек деб номланган. Аммо 1926 йилда, инқилоб эпкинида шаҳар номи Фрунзе деб ўзгартирилади. 1991 йилда, Қирғизистон ҳам ўз мустақиллигига эга бўлгач, бу пойтахт шаҳарга Бишкек номи берилди. Аммо қирғиз биродарлар бу ўзгариш билан ҳам тўхталиб қоладиганга ўхшамаяпти. Сўнгги маълумотларга қараганда, Қирғизистонда пойтахт Бишкекни Манас деб ўзгартириш таклиф қилинган. Бундай ташаббус президент аппаратининг собиқ раҳбари, давлат маслаҳатчиси Эмилбек Каптагаев томонидан илгари сурилган.

Ўзбекистонда ҳам мустақилликдан кейин жой номларини ўзгартириш бўйича катта ишлар амалга оширилган. Аммо мамлакатимизда йирик шаҳарлар номи ўзгариши кузатилмай, асосан туманлар ва кичик аҳоли ҳудудлари доирасида иш олиб борилган.

Жаҳонда

Нью-Амстердамдан Нью-Йоркка

Дунёнинг энг йирик шаҳарларидан бири, бизнес ва молия маркази бўлган бу маскан 1664 йилга қадар Нью-Амстердам деб аталган. Сабаби бу ҳудудга голланд колониячилари жойлашган эди. Аммо вақт ўтиб, улар ҳудудни инглизларга бой беришади ва шаҳар номи ҳам Англиянинг Йорк шаҳридан келиб чиқиб Нью-Йоркка ўзгартирилади.

Шунингдек Истанбул бир вақтлар Константинополь бўлганини кўпчилик билади. Лекин Париж номи Лютеция, Токио – Эдо (1868 йилга қадар), Пекин – Пейпинг, Осло – Кристиания, Копенгаген – Гавнь, Оттава – Байтаун, Киншаса – Леопольдвиль, Хельсинки – Гельсингфорс бўлганидан кўпчилик бехабар бўлса керак.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид