Жаҳон | 21:29 / 08.04.2019
8134
3 дақиқада ўқилади

Хорижий ОАВ Ўзбекистондаги қулайликлардан хабар бермоқда

Туристик салоҳиятни оширишга катта эътибор қаратилаётган ҳозирги пайтда чет эл оммавий ахборот воситаларида  Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб этувчи мақола ва материаллар сони кўпайиб бормоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматида хабар берилишича, бундай мақолаларда, асосан, сўнгги йилларда Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва хорижий давлатлар фуқаролари учун визасиз режим жорий этилганлиги ҳамда соддалаштирилишига урғу берилган.

Жумладан, «Қўшма виза режаси Қозоғистон ва Ўзбекистон учун янги эшикларни очади» номли мақолада Қозоғистон ва Ўзбекистон сайёҳларга бир мамлакатдан бошқасига эркин саёҳат қилиш имконини берувчи «Silk Visa»ни жорий этиш режалаштирганлиги ва бу режа бошқа давлатлар орасида катта қизиқиш уйғотгани айтиб ўтилган.

Францияда чоп этилган «Туризм: Ўзбекистон 45 давлат фуқароларига визасиз режимни жорий қилди» деб номланувчи мақолада эса, Европа Иттифоқи фуқаролари орасида Ўзбекистонда жорий этилган визасиз режимдан французлар ва немислар биринчи бўлиб фойдаланишди, дейилади.

БААлик сайёҳлар Ўзбекистонга кириш визасидан озод этилишига оид қатор мақолаларда БАА Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлигининг консуллик хизмати бошқарма бошлиғи Бадр Ал-Авадий шундай сўзлари келтирилган: «Ўзбекистон ҳукуматининг БАА фуқароларини кириш визасидан озод қилиш ташаббуси Амирлик дипломатиясининг муҳим ютуғидир».

Визасиз режимнинг жорий қилиниши Ўзбекистонга хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади, албатта. FlyDubai авиакомпаниясининг Дубай ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиши эса буни янада рағбатлантиради, дейилади яна бир мақолада

Шунингдек, «Ўзбекистонда яшаш қиймати» номли мақолада сайёҳлар учун зарур барча маҳсулотларнинг юртимиздаги нархлари жадвал кўринишида ўз аксини топган.

Бу каби мақола ва хабарлар чет эл фуқароларини Ўзбекистондаги қулайликлардан хабардор қилиб, уларни юртимизга саёҳат қилишга чорлайди, дея умид қиламиз, дейилади манбада.

Мавзуга оид