18:30 / 10.04.2019
5084

«Боруссия М» кейинги мавсум учун янги бош мураббийни эълон қилди

Фото: Twitter/Borussia_en

Жорий мавсум якунида Менхенгладбахнинг «Боруссия» клубида бош мураббий алмашади. Клуб расмий сайтида маълум қилишича, ёзда Дитер Ҳеккинг ўрнига Марко Розе бош мураббий сифатида иш бошлайди.

42 ёшли немис мутахассиси Розе айни пайтда Австриянинг «Редд Булл» клубини бошқармоқда. У Зальцбург клубига 2017 йилда бош мураббий этиб тайинлангунга қадар 4 йил клубнинг ёшлар жамоасига устозлик қилган.

Марко Розе «Редд Булл» бош мураббийи сифатидаги илк мавсумида клубни мамлакат чемпионлиги сари бошлаб борган, Европа лигасида ярим финалга қадар, Австрия кубогида эса финалгача етиб борган. Бу йилги мавсумда ҳам унинг жамоаси чемпионатда пешқадамлик қилмоқда, кетма-кет иккинчи мавсумда мамлакат кубоги финалига йўл олган.

Менхенгладбахликлар жамоасида 2017 йил бошидан буён Дитер Ҳеккинг бош мураббий сифатида ишламоқда. Айни пайтда клуб Бундеслигада 28-турдан кейин 5-ўринда бормоқда.

Аввалроқ «Боруссия М» директори яримҳимоячи Торган Азар ёзда клубдан кетишини тасдиқлаб, унга даъвогарларни санаб ўтганди.

Top