Ўзбекистон | 22:30 / 26.04.2019
15286
6 дақиқада ўқилади

Совуқ сув нархини огоҳлантиришсиз оширмоқчи бўлган «Сувсоз» мавзуси монополияга қарши қўмита огоҳлантириши билан тугади

25 апрель куни «Сувсоз» ДУК сайтида 24 апрелдан Тошкент шаҳри аҳолиси учун совуқ сув нархлари оширилиши ҳақида хабар берилди. Унда янги нархлар пойтахт ҳокимияти томонидан 2 апрель куни тасдиқлангани айтилганди.

Интернет нашрлари бу маълумотни нархлар оширилиши ҳақидаги хабар нархлар ошириб бўлинганидан бир кун ўтиб эълон қилинганига урғу қаратилган ҳолда тарқатилди.

Кўп ўтмасдан «Сувсоз» сайтидан бу маълумот ўчириб ташланди. Лекин хабардан скриншот олинганди.

Фото: Zed News

Шундан кейин ижтимоий тармоқларда бу ҳолат танқидий муҳокама қилина бошланди. Хусусан, блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худайбердиев телеграм-каналида жойлаштирган «Қонунчиликни бузган ва истеъмолчилар устидан очиқчасига кулган «Сувсоз» сарлавҳали постида «Сувсоз» Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори 2 апрель куни чиқарилган қарорини истеъмолчилардан 23 кун давомида «сир сақлаб келгани»га эътироз билдирди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сон қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган «Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари»да шундай қоида белгиланган:

«119. Сув қувури-канализация хўжалиги (ИСКХ) ташкилоти қуйидагиларга мажбур:

ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари тарифларидаги ўзгаришлар ҳақида улар амалда жорий қилинишидан 15 кун аввал оммавий ахборот воситалари ёки бошқа алоқа воситалари ёрдамида истеъмолчиларни хабардор қилиш;»

Лекин «Сувсоз» 15 кун олдин эмас, амалда жорий қилинганнинг эртаси куни хабар берганди.

«Айтингчи, истеъмолчиларнинг устидан бу даражада кулиш мумкинми? Ҳа, мумкин.

Қачон? Қачонки сен Ўзбекистонда мутлақ монополия бўлсанг, бўлди, истаган ишингни қилишинг мумкин. Ҳеч ким ғинг демайди.

Нари борса, интернетда халқ бироз минғир-минғир қилиши мумкин, лекин бунақа пайтларда хабарни ўчириб, секингина «бизга барабан» режимини ёқиб олсангиз кифоя, одамлар гапириб-гапириб, охири унутиб юборишади. «Ит ҳурар, карвон ўтар», нима дедингиз, а, лаббай?

Чунки Сиз, монопол ташкилот сифатида, жуда яхши биласиз. Халқнинг ҳар қандай норозилиги Сиз учун 1 тийин! Ахир хоҳлайдими, йўқми, улар Сизнинг маҳсулотингизни олишга, хизматингиздан фойдаланишга мажбур. Бошқа қаёққа ҳам борарди. «Чидасанг шу, чидамасанг катта кўча» деган шиорни сайтингизга ёзиб қўйишингиз ҳам мумкин-у, лекин сал истиҳола қилиб турибсиз холос», дейилганди муносабатда.

Куннинг иккинчи ярмида «Сувсоз» сайтида ўчириб юборилган хабар ўрнида янгиси пайдо бўлди.

Унда айтилишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2 апрелдаги қарори билан:
-  ичимлик суви учун Тошкент шаҳар ҳокимининг 12.01.2018 йилдаги қарори билан 1 м3 учун 100 сўм миқдорида ўрнатилган махсус устаманинг амал қилиш муддати 2019 йил учун ҳам узайтирилган;
-  каназилация хизматларига эса 1 м3 учун 100 сўм миқдорида махсус устама белгиланган.

Бу ҳақида 9 апрель куни «Тошкент оқшоми» ва «Вечерний Ташкент» газеталарида хабар берилгани таъкидлаб ўтилган.

Лекин бу хабар ташкилот сайтида ўз вақтида берилмаганди.

«Сизлар бехабар бўлсангиз, бизнинг айб эмас», демоқчи «Сувсоз», дея киноя қилди @davletovuz канали.

Кун охирига келиб эса худди шу масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Телеграм каналида баёнот берди:

«Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ижтимоий тармоқларда «Тошкентда 24 апрелдан совуқ сув нархи ошди. «Сувсоз» бу ҳақда 25 апрель куни хабар берди» мавзусида 2019 йил 26 апрелда тарқалган хабарлар бўйича қуйидагиларни маълум қилади. 

Ўзбекистон Республикаси «Табиий монополиялар тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарори талабларида янги нарх (тариф)лар табиий монополия субъектлари томонидан улар кучга киришидан камида ўн беш кун аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан мазкур Қонун талаби доимий равишда назорат қилиб борилади. 

«Сувсоз» ДУК томонидан махсус устама нархлари юзасидан оммавий ахборот воситаларида эълон берилмай, «Тошкент оқшоми» газетасининг 2019 йил 9 апрелдаги 57-сонида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йил 2 апрелдаги «Тошкент шаҳрида ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ миқдорини белгилаш тўғрисида»ги 499-сонли қарори чоп этилганлиги корхона томонидан эълон берилган деб ҳисобланилган. Бу билан корхона томонидан Ўзбекистон Республикаси «Табиий монополиялар тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддаси талабларига амал қилинмаган. 

Юқоридагиларга мувофиқ, «Сувсоз» ДУК томонидан Тошкент шаҳрида ичимлик суви ва канализация хизмати тарифларига махсус устама ҳақ миқдорини белгилаш бўйича www.suvsoz.uz веб-сайт орқали 2019 йилнинг 25 апрелида истеъмолчиларга эълон берилганлигини инобатга олиб, амалга киритиладиган янги нарх (тариф, махсус устама)ларни мазкур эълон берилган санадан ўн беш кундан кейин, яъни 2019 йининг 10 майидан амалга киритилиши лозимлиги тўғрисида Қўмита томондан «Сувсоз» ДУКга тегишли кўрсатма берилганлиги маълум қилинади. 

Қўмита кўрсатмаси «Сувсоз» ДУК томонидан бажарилмаган тақдирида корхонага нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланилиши билдирилади».

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида ўтган 2018 йилнинг ўзида совуқ сув учун нарх уч марта оширилган, нархлар ўтган йилнинг февралида (+5 сўмга), майида (+50 сўмга) ва ноябрида (+35 сўмга) оширилган эди ва бу ҳолатларда тўртинчи марта оширилишда бўлгани каби «ими-жимида» иш қилинмаганди. 

Мавзуга оид