Жамият | 00:25 / 28.04.2019
7012
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокими 160 нафар фуқарони қабул қилди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон шаҳридаги Навоий номли истироҳат боғининг амфитеатр биносида фуқаролар учун қабул ўтказди.

Аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида ташкил этилган қабулга вилоятнинг барча туманларидан муаммолари ечим топмаётган аҳоли вакиллари келдилар.

Қабулда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирок этди.

Жараён давомида кузатиб шунга гувоҳ бўлдикки, қабулга келган аксарият аҳоли вакиллари мутасаддиларга яшаш учун уй-жой билан таъминланиш ва уй-жойини таъмирлаш бўйича, соғлигини тиклашга кўмак олиш юзасидан, МИБ ташкилоти билан боғлиқ муаммолар, суд қароридан қониқмаслик ҳамда боғдорчиликдаги суғориш масалалари бўйича мурожаат қилдилар.

Эрталаб соат 8:00да бошланиб, кечки соат 22:00гача давом этган қабул давомида вилоят ҳокими 160 нафар фуқароларни қабул қилган бўлса, вилоят маъсул шахслари томонидан 365 нафар аҳоли мурожаати тингланди.

Элмурод Эрматов, Андижон