11:12 / 28.04.2019
10366

Чемпионшипдан АПЛга чиққан илк жамоа маълум бўлди

«Норвич Сити» Чемпионшипнинг 45-турида «Блэкберн Роверс» клубини қабул қилди. Нориждаги «Кэрроу Роуд» стадионида кечган учрашув Даниэль Фарке жамоасининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ғолиблар сафида голларга Марко Штайперман ва Марио Вранчич муаллифлик қилди. Меҳмонларнинг ягона голи Льюис Трэвис томонидан урилди.

Шу тариқа, чемпионат якунига бир тур қолганида «Норвич» камида иккинчи ўринни кафолатлади ва бу ўрин кейинги мавсумда Премьер-лигада иштирок этиш ҳуқуқини беради. Жамоа 3 йил ўтиб яна юқори дивизионга қайтмоқда.

АПЛга тўғридан-тўғри йўлланма оладиган иккинчи клуб кўп эҳтимол билан «Шеффилд Юнайтед» бўлади. Бу бугун, 28 апрель куни аниқ бўлиши мумкин, бунинг учун «Лидс Юнайтед» «Астон Вилла» билан ўйинда очко йўқотиши талаб этилади.

АПЛни эса «Ҳаддерсфилд» ва «Фулҳем» тарк этиши аниқ бўлган. Учинчи номзод эса «Кардифф» бўлиб турибди. Айни вақтда, мавсум якунига 2 тур қолганида «Брайтон»да 34, уэльсликларда эса 31 очко бор.

Top