Пекинда Ўзбекистон ва ХХР Бош вазир ўринбосарлари учрашуви бўлиб ўтди
Пекин шаҳри (ХХР)нинг "Чжуннанхай" давлат қароргоҳида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ХХР Давлат кенгаши Бош вазирнинг таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан,туризм, маданият ва спорт бўйича ўринбосари Сун Чунлань билан учрашди. Учрашувда ХХРнинг ижтимоий масалалар учун масъул идоралари раҳбарлари иштирок этишди.
Томонлар ўртасида Ўзбекистон-Хитой ижтимоий соҳа ҳамкорлигининг жорий ҳолати муҳокама қилинди; таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, туризм ва спорт йўналишларига доир қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.
Хитой томон "Ўзбекистон Президентининг аҳоли, айниқса, ёшларни мусиқа ва санъат, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилиш, IT-технологиялар бўйича кўникмаларни мустаҳкамлаш, маънавият ва китоб мутолааси маданиятини ошириш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга доир беш муҳим ташаббуси"ни амалга ошириш ишлари бошланганидан хабардор қилинди.
Шунингдек, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Конфуций институтларининг муваффақиятли фаолияти, Самарқанддаги Конфуций майдони, болалар тиббёт муассасалари ва ногиронлиги бўлган кишиларга мўлжалланган реабилитация марказларининг техник таъминотига доир лойиҳа натижалари бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Учрашув доирасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш зарурати қайд этилди – Ўзбекистонда ХХР техник олий таълим муассасалари филиаллари очилиши, мактабгача таълим тизимидаги мутахассисларни тайёрлашда Хитой тажрибасини ўрганиш шулар жумласидандир.
Ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Хитой томонга қатор аниқ лойиҳалар кўриб чиқиш учун таклиф этилди. Хусусан, мактабларда хитой тилини чуқурлаштириб ўргатиш, Хитой томонни жалб қилиш ва қўшимча молиялаштириш ҳисобига Термиздаги афғон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган ўқув маркази фаолиятини кенгайтириш, тиббиёт муассасалари, жумладан, анъанавий хитой тиббиёти марказларини яратиш, фармацевтика лабораторияларини ишга тушириш, оммавий спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, ХХРнинг Олимпия спортчиларини тайёрловчи ОТМлари филиалини очиш, космосни биргаликда тадқиқ қилиш учун телескоп ўрнатиш, Хитойнинг йирик шаҳарларидан Ўзбекистоннинг тарихий марказларига янги тўғридан тўғри рейсларни йўлга қўйиш, археологик қазилмалар музеефикациясига оид лойиҳалар таклиф этилди.
ХХР Бош вазир ўринбосари Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишиш ҳамда ижтимоий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилган истиқболли лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш учун мамлакатимизга таклиф этилди. Чунлань хоним яқин орада бундай ташрифни амалга ошириш ва икки томонлама ҳамкорлик интенсификациясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр экани, Ўзбекистон томоннинг ҳамкорликка доир таклифлари яхшилаб ўрганиб чиқилиб, улар бўйича жавоб чоралар кўрилишини таъкидлади.
Хитой Бош вазир ўринбосари, ўз навбатида, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш доирасида турли байрам тадбирлари, фестиваль ва форумлар ўтказилишини ошириш, тарихий ва адабий нашрлар, бадиий фильм ва телематериалларни биргаликда таржима қилиш, ҳамкорликда археологик тадқиқотлар ўтказиш каби таклифлар билан чиқди.
Чунлань хоним Ўзбекистон томондан Хитой фуқаролари учун виза режимининг соддалаштирилиши, бир томондан, сайёҳлар оқими ошишига туртки берса, бошқа томондан, икки мамлакат шаҳарлари ўртасида қўшимча авиарейсларни йўлга қўйиш заруратини келтириб чиқаришини қайд этди. Маълум қилинишича, хитойлик сайёҳлар оқимининг кескин ошиши ҳисобга олиниб, Хитойнинг қатор ҳудудлари Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига рейслар йўлга қўйилишига катта қизиқиш билдирмоқда.
Ўзбекистонда қўшма тиббий лабораториялар ва илмий-тадқиқот марказларининг очилиши ҳамда табиий дори воситалари ишлаб чиқарилишининг йўлга қўйилиши келгусида самарали натижа бериши таъкидланди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар ижтимоий блокнинг масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Ишчи гуруҳни шакллантириш, истиқболли лойиҳа ва ташаббусларни муҳокама қилиш мақсадида учрашув ўтказишга доир келишувга эришишди.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
21:21 / 17.10.2024