Ўзбекистон | 16:16 / 01.06.2019
16826
2 дақиқада ўқилади

Монополияга қарши курашиш қўмитаси: тортишувга сабаб бўлган реклама ролиги билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритилди

Жорий йилнинг 22 май куни Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига The Coca-Cola Company’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан мурожаат келиб тушган. 

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати хабарида айтилишича, ушбу мурожаатда N ‘Medov компанияси ўзи ишлаб чиқараётган Pankie маҳсулотини реклама қилиш мақсадида унга тегишли бўлган видеороликка “айнан ўхшаш” бўлган видеороликдан фойдаланаётгани, бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 13 моддасини бузилиши ва ўз навбатида The Coca-Cola Company муаллифлик ҳуқуқини бузилишига олиб келиши қайд қилинган. 

Билдирилишича, ушбу видеоролик биринчи марта 2016 йилда намойиш этилган.

Қўмита “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг ноҳалол рақобат талабларига асосланган ҳолда, N ‘Medov компаниясини Pankie музқаймоғи билан боғлиқ реклама ролигини ишлаб чиқиш ва намойиш этиш билан боғлиқ ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш тўғрисида хабардор қилган.

N ‘Medov компанияси томонидан Қўмитага тақдим этилган маълумотда, мазкур ҳолат бўйича жиддий ўрганиш ўтказилгани, натижада тушунмовчилик сабабли ушбу ҳолатга йўл қўйилгани, натижада Pankie музқаймоғини реклама қилувчи видеоролик телевидение тармоқлари, Интернетдаги ижтимоий саҳифалардан олиб ташлангани, шунингдек компания доимо “Рақобат тўғрисида” ва “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари тарафдори бўлиб қолиши маълум қилинди, дейилади хабарда.

Бундан олдин, Coca-Cola Ўзбекистонда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилгани, Намангандаги ишлаб чиқарувчи ёрлиқ дизайнини ўзгартиришга мажбур бўлгани хабар берилганди.

Мавзуга оид