Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессияси бўлиб ўтаётгани ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик.

«Ўзбекистон учун бу тадбир кўп сабабларга кўра муҳим саналади: бугунги кунда биз жаҳон маданий ландшафтининг ҳаққоний ва таъсир кучига эга қисмига айланиб бўлдик ва жамоатчиликнинг маданий меросни сақлаб қолиш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлари тушуниш ва қўллаб-қувватлашга эга бўлмоқда. Мамлакатга ҳурмат-эътибордан ташқари, бу туризм ва иқтисодиётнинг бошқа жабҳаларига салмоқли фойда ҳам келтиради. Фақат биз тўғрисўз ва очиқ бўлсаккина. Лекин, амалдорларимиз томонидан Бокуга олиб борилган ҳужжатлар ҳар доим ҳам бундай бўлавермаслигини кўрсатмоқда…» — деб ёзади Anhor.uz колумнисти Юрий Черногаев.

Ҳийлами ё алдов?

Шаҳрисабз, Бухоро ва Самарқанд ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси объектлари рўйхатида Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессиясида кун тартибидан ўрин олган. Бу уч шаҳар — тамаддун тарихидан ҳикоя қилади. Уларнинг сақлаб қолиниши — бутун инсоният ташвишидир.

Бокуда 180 та давлатдан келган уч мингдан ортиқ экспертлар айнан шуни намойиш этишга ҳозирлик кўришаётган эди. Муҳим шахслардан иборат Ўзбекистон делегацияси сессияга ҳар уч объект бўйича ҳисоботларни олиб боришди. Барча ҳужжатлар — юқори даражада усталик билан тайёрланган. Афтидан, бу ажойиб қоғозбозлик иши халқаро экспертлар томонидан муносиб баҳоланади, деб ишонилган.

Бутунжаҳон мероси қўмитаси (БМҚ) 10 июлгача ишлайди, лекин 5 июль куниёқ Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати ижобий хулосаларни эълон қилди: «ЮНEСКОнинг Бухоро шаҳри бўйича резолюциясида Бутунжаҳон мероси объекти бўйича Бошқарув қўмитаси ва юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш учун Идоралараро мақсадли гуруҳ ташкил этилгани мамнуният билан қайд этилган. Самарқанд борасидаги ҳужжатда БМҚ Бутунжаҳон мероси маркази ва ИКОМОСга 2022 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак саммитини ўтказиш учун Ўзбекистон томонининг инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларини «устуворлик асосида» кўриб чиқиш вазифасини қўйди. Резолюцияга Самарқанд шаҳрини хавф остида бўлган бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш тўғрисида ҳеч қандай қоида қўшилмади».