Франциялик Франки Запатанинг Ла-Манш бўғозини учар доскада кесиб ўтиш учун қилган иккинчи уриниши муваффақиятли бўлди.  

Унинг ҳаводаги парвози 20 дақиқа давом этди, у учар доскада 35 километр масофани босиб ўтди. Запата Сангат коммунаси яқинида ҳавога кўтарилди ва Буюк Британиядаги Сент-Маргарет Бэй шаҳри яқинида қўнди.

Запатанинг парвозини Франция телеканаллари намойиш этди.

Запата 14 июль куни Елисей майдонида Бастилиянинг олиниши байрами тантаналарида машҳур бўлиб кетганди. У ўшанда ўзининг учар доскасида Келишув майдони узра парвоз қилиб барчани ҳайратга солган.