Атамбоев биринчиси эмас. Қирғизистоннинг таъқибдаги президентлари
Қардош Қирғизистон халқи инқилобларни “хуш кўради”. Мустақилликка эришганидан буён ўз халқи сайлаган барча президентлар айни шу халқ вакиллари томонидан ё қувиб солинган, ё таъқибга учраган. Хўш, бу қадар муросасизлик сабаблари нимада?
Қирғиз Республикаси аҳли ҳокимият вакилларини хушламайди
Биз Қирғизистон дея атайдиган, асл номи Қирғиз Республикаси бўлган бу давлат Ўзбекистондан бир кун олдин – 1991 йилнинг 31 августида ўз мустақиллигини эълон қилган. Ўшанда бу мамлакат аҳолисининг кўпчилиги қалбига ўрнашган “мустақиллик ҳокимиятни истаган пайтда ағдариб ташлаш” деган тушунча ҳали-ҳануз тарк этмаяпти. Юқорида таъкидланганидек, халқнинг ўзи сайлаган президентларнинг бирортасига ҳали ўз ваколатини тинчгина тугатган ёки пенсияга хотиржам кетган эмас. Муваққат президент Роза Отунбаева бундан мустасно, уни ағдаришга ёки таъқиб қилишга шунчаки улгурмадилар чоғи.
Келинг, улар билан бирма-бир танишамиз:
Аскар Акаев
Қирғизистоннинг жами президентлари бир-бири билан солиштирганда кўпчилик Акаевни ҳурмат билан эслайди. Сабаби мустақилликнинг дастлабки оғир йилларида давлатни бошқаргани, ўзи ҳақиқий олим бўлгани, маданиятли инсон эканлиги ва ўринбосарларидан фарқли равишда бойликка улар қадар ружу қўймаганидир. Ҳозир кўпчилик Акаев олдида хижолат ҳиссини туяди, лекин ғишт қолипдан кўчиб бўлган, у қувғин қилиниб ўрнига олиб келинган президент вазиятни баттар чалкаштириб юборган.
1944 йилнинг 10 ноябрида туғилган Аскар Акаев илм йўлидан кетди. Мамлакат президентлигига сайланишидан олдин, 1989-1990 йилларда у Қирғизистон Фанлар академияси президенти эди. Кейинчалик у ўтиш даврида бу давлатнинг дастлабки раҳбари бўлди. 1995 йилда эса ўз мақомини сайловлар орқали мустаҳкамлаб олди.
Акаевнинг МДҲ доирасида, халқаро аренада ҳам обрўси яхши эди. Аммо олим тобора чўкаётган иқтисодни қутқара олмади. 2005 йилда ғалаён кўтарганлар барчасида президентни айбладилар ва унинг истеъфога чиқарилиши барча масалалар ечими эканлигига қаттиқ ишондилар. Дастлаб бунга қаршилик қилган Акаев кейинчалик қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида президентликдан воз кечди ва мамлакатдан чиқиб кетди. Ўшанда унинг иш кабинетигача кириб борган ва ҳамма ерни вайрон қилган исёнчилар ҳақидаги лавҳалар кейинчалик бу мамлакатдаги бошбошдоқлик рамзига айланди.
Акаев ҳозирги кунда Москвада, илмий иш билан шуғулланмоқда. Қирғизистон тарафининг экстрадиция бўйича сўровларига Россия жавоб бермаган.
Курманбек Бакиев
1949 йилнинг 1 августида туғилган, оилада етти ака-уканинг бири бўлган Курманбек Бакиев “Қирғизистон халқ ҳаракати” блоги лидери бўлиб, Акаев даврида маълум муддат бош вазирлик ҳам қилганди. 2005 йилдаги “Лолалар инқилоби”да у ўз раҳбарига қарши чиқди ҳамда ҳокимиятни эгаллади. 2009 йилдаги президент сайловларида ҳам ғолиб чиқди. Аммо орадан бир йил ўтмай шу сайловчиларнинг ўзи уни тахтдан ағдариб ташладилар.
Сабаблар ўта оддий эди – не-не умидлар билан, инқилоблар ортидан келган президент тез орада шундоқ ҳам коррупцияга ботган давлатни янада кўпроқ бу муаммога ўралаштирди, қариндош-уруғчилик авж олди, мамлакат иқтисоди тешик кемадек чўка бошлади, ташқи қарз кўпайгандан-кўпайди.
2010 йилнинг 7 апрелидан 15 апрелигача давом этган навбатдаги инқилобда қирғизистонликлар яна бир марта ўз ҳовурларини чиқариб олдилар, ҳукуматга нисбатан тўпланган аламларини тўкиб солдилар. Бакиев вазиятни ўнгламоқчи бўлди ва ўзига қадрдон Жалолободга бориб, тарафдорларини тўплади. Аммо барибир қочишга ва Беларусдан, Лукашенко ҳимматидан паноҳ топишга мажбур бўлди.
Кейинчалик уни қайтариш ишлари самара бермади ва 2013 йилда Қирғизистон суди уни сиртдан 24 йиллик қамоққа ҳукм қилди.
Роза Отунбаева
Қирғизистоннинг қувғинга учрамаган ва ҳозирча таъқибга олинмаган ягона президенти. Тўғрироғи, ўзига хос ўтиш давридаги давлатнинг муваққат раҳбари.
1950 йилнинг 23 августида туғилган Роза Отунбаева Бакиев қувғин қилинганидан кейин дастлаб Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари, кейинчалик ўтиш давридаги президент вазифасини бажарди. Яна бир ўзига хос жиҳати – Отунбаева асосий аҳолиси мусулмонлар бўлган давлатнинг иккинчи аёл раҳбари сифатида тарихга кирди (биринчиси —Индонезия президенти Мегавати Сукарнопутри).
2011 йилнинг 1 декабрига қадар давлат раҳбари бўлган Отунбаева хоним сайловлар натижасига кўра Алмазбек Атамбоевга ўз ўрнини бўшатиб берди.
Алмазбек Атамбоев
1956 йилнинг 17 сентябрида туғилган Алмазбек Атамбоев Қирғизистоннинг сайловларда ғолиб чиққан ва кейинчалик хотиржамлик билан ваколатини топшириб кетган ҳамда таъқибга учрамаган биринчи президенти бўлиши мумкин эди. Аммо ундай бўлмади. Дастлаб турли важлар билан ҳар қандай айбловлардан ҳимояловчи, бутун умрга амал қиладиган иммунитети бекор қилинди. Шунда унинг тарафдорлари Қўйтошдаги резиденция атрофига тўплана бошладилар.
Вазият таранглашган бир пайтда Атамбоев Москвага борди ва Путин билан учрашди, аммо кўпчилик ўйлаганидек, катта оғадан паноҳ ола олмади, ёки буни истамади. Шундан сўнг унинг қароргоҳига устма-уст ҳужум қилинди ва қатор тўполонлардан сўнг, қурбонлар берилгандан кейин собиқ президент қўлга олинди. Ҳозирги кунда уни 26 августга қадар ҳибсда сақлаш бўйича ажрим чиқарилган.
Олдингилари қочиб қутилганди. Буниси тутилди. Ҳозир унинг барча мол-мулклари хатланмоқда. Сабаблар ўша-ўша – коррупция, таниш-билишчилик, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва ҳатто давлатга хиёнатгача...
Демак, анъаналар давом этмоқда.
Аброр Зоҳидов.
Мавзуга оид
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
17:37 / 20.12.2024