Жаҳон | 22:46 / 16.08.2019
36060
2 дақиқада ўқилади

Йўловчи самолётини маккажўхори даласига қўндирган учувчиларга Россия қаҳрамони унвони берилди

Фото: Андрей Никеричев

Россия президенти Владимир Путин Москва вилоятида А321 йўловчи самолётини маккажўхори даласида фавқулодда қўндира олган учувчиларга Россия қаҳрамони унвонларини берди. 

Путин бу ҳақда хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари билан йиғилишни очаётган вақтда маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, самолёт сардори Дамир Юсупов ва иккинчи учувчи Георгий Мурзин Россия қаҳрамонлари унвонлари билан, экипажнинг қолган аъзолари эса “Жасорат” орденлари билан мукофотланишган.

Россия президенти бундай воқеалар камроқ юз беришига умид билдирган. 

“Уралские авиалинии” авиакомпаниясининг Москвадан Симферополга учаётган самолёти Жуковский аэропортидан ҳавога кўтарилишидан кўп ўтмай балиқчи қушлар галаси билан тўқнашиб кетган. Оқибатда қушлар самолёт двигателига тушган. Шундан кейин учувчилар Рибинское қишлоғи яқинидаги далага қўнишга қарор қилишган. Росавиация раҳбари Александр Нерадьконинг таъкидлашича, бу ягона тўғри қарор бўлган.

Самолётда 226 йўловчи ва экипажнинг 7 аъзоси бўлган.

Лайнер ўчирилган двигателлар ва кўтарилган шассилар билан қўнишни амалга оширган. Экипаж йўловчиларни қутқарув трапи орқали эвакуация қилган. Охирги маълумотларга кўра, 76 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Мавзуга оид