Боботоғдаги коврак можаросининг янги тафсилотлари. Ёхуд «танганинг учинчи томони» ҳақида ҳикоя
Kun.uz сайтида жорий йилнинг 2 август куни «Бизга инвесторлар керакми ё йўқ: Ҳиндистонлик инвесторни Сурхондарёда қийнаётган муаммолар ҳақида» сарлавҳали материал эълон қилинди.
Унда «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалигининг мутасадди ходимлари томонидан ўз хизмат вазифаларини етарли даражада олиб бормагани натижасида, хорижлик инвесторга қонуний асосларда ижарага берилган ҳудудларда маҳаллий аҳоли ва бошқа шахслар томонидан етиштирилган коврак ҳосилини йиғиб олишда турли хил тўсқинликлар юзага келаётгани ҳақида маълумотлар қайд этилган эди.
Кейинроқ, Сурхондарё вилояти Узун туман ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси мазкур материалга нисбатан ўз муносабатини билдиришди. Ушбу муносабат жорий йилнинг 20 август куни Kun.uz сайти орқали «Ҳақиқий инвестор ким? – Боботоғдаги коврак можароси бошқача тус олмоқда» сарлавҳаси билан эълон қилинди (эътирозлар сабабли бу мақола ҳозирча сайтдан олиб ташланди).
Куни кеча таҳририятга Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитасининг мазкур муносабатига нисбатан «FERULA SHIFOBAXSH» масъулияти чекланган жамияти раҳбари ва Жамият таъсисчиларининг раддияси келиб тушди. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддаси талабига мувофиқ ушбу раддияни эълон қилишга қарор қилдик. Қуйида раддия матни ҳавола қилинади.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси ва Россиянинг «ТК Комета» компанияси ўртасида 2018 йил 6 мартда имзоланган меморандумга кўра Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бориш учун «FERULA SHIFOBAXSH» МЧЖ ташкил этилган.
«FERULA SHIFOBAXSH» МЧЖ Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг аъзоси ҳисобланади.
Kun.uz сайти орқали 02.08.2019 йилда «Бизга инвесторлар керакми ё йўқ: Ҳиндистонлик инвесторни Сурхондарёда қийнаётган муаммолар ҳақида» сарлавҳали мақола нашр этилган эди.
Мазкур мақолада «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалигининг мутасадди ходимлари ўз хизмат вазифаларини етарли даражада олиб бормагани натижасида, жамиятга қонуний асосларда ижарага берилган ҳудудларда маҳаллий аҳоли ва бошқа шахслар томонидан етиштирилган коврак ҳосилини йиғиб олишда турли тўсқинликлар юзага келаётгани хақида маълумотлар қайд этилган эди.
Келинг, ўша мақоладан иқтибос келтирамиз:
«Хорижий инвестор дуч келаётган муаммо юзасидан маҳаллий ҳокимлик ва тегишли ташкилотлар мутасаддилари билан учрашдик. Дастлаб Узун тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Усмон Алимов билан суҳбатлашдик. «Бу масала юзасидан инвестор бизга мурожаат қилмаган. Муаммодан хабаримиз йўқ. Бу масала асосан «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги билан боғлиқ. Муаммодан хабар топдик, энди биз ҳам зарур чораларни амалга оширамиз», — дейди у. Аммо туман ҳокимлигига бу масалада ёрдам сўраб, хат билан мурожаат қилинган. Бизга ушбу хат нусхаси тақдим этилди. Туман ҳокими биринчи ўринбосарининг «муаммодан хабаримиз йўқ», дейиши тушунарсиз ҳолат».
Ваҳоланки, тадбиркорлик субъекти томонидан унинг фаолиятига тўсқинлик қилинаётгани ҳақидаги расмий равишда юборилган «Алоқа хати»ни 20.07.2019 йилда туман ҳокимлигининг вакили томонидан имзо қўйиб, қабул қилганини тасдиқловчи расмий ҳужжат мавжуд.
Шунингдек, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Усмон Алимовнинг «Муаммодан хабар топдик, энди биз ҳам зарур чораларни амалга оширамиз», деган ваъдасининг ижроси юзасидан ҳеч қандай ташкилий тадбирлар амалга оширилмаган.
Юқоридаги мурожаат бўйича Сурхондарё вилояти Давлат ўрмон хўжалиги ва «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалигига ҳам расмий равишда ариза билан мурожаат этилган. Бироқ, мазкур давлат органларининг мурожаатимизни кўриб чиқиш ва тегишли шароит ва тадбирларни таъминлаб бермаган.
Тадбиркорлик фаолиятимизга тўсқинлик қилаётган айрим фуқароларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ҳақидаги Узун тумани ИИБга қилган мурожаатимиз ҳамда мурожаатимиз юзасидан ИИБнинг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига юборилган маълумотнома бунга яққол далил бўла олади.
Мақолада таъкидлаб ўтилганидек, ўрмон хўжалигининг мажбуриятлари, хусусан, тасарруфидаги ҳудудлар муҳофаза қилиниши бевосита «Ўрмон тўғрисида»ги Қонун ва Ҳукуматнинг 2017 йил 19 июлдаги №530-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тўғрисида»ги Низом талаблари билан қатъий белгилаб қўйилган.
Мақоладаги «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги собиқ раҳбари Т.Мирзаевнинг Kun.uz мухбирига берган интервьюсида, «Биз бу борада ёрдам берамиз ва бу бизнинг вазифамиз. Эртагаёқ тегишли чораларни кўрамиз. Бундай ҳолатга йўл қўяётган ходимларимиз ҳам жазосини олади. Ҳаммасини ҳал қиламиз», — деган ваъдалари ҳамда «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги ерларда хорижий инвестор ва шартнома имзолаган МЧЖлар дуч келаётган асосий муаммо, яъни улар ижарага олган ҳудудларда коврак ўсимлиги талон-торож қилинаётгани, хўжалик томонидан ҳудудларга қўйилган назоратчи ва қоровулларнинг ўзлари тил бириктириб, шу қинғирликларда иштирок этаётганини инкор этмагани инвесторга тўсиқ бўлаётганини тасдиқловчи катта ДАЛИЛ эмасми?
2. Энди эса, юқоридаги мақола юзасидан Kun.uz сайтида жорий йилнинг 20.08.2019 йилда чоп этилган «Ҳақиқий инвестор ким? – Боботоғдаги коврак можароси бошқача тус олмоқда» сарлавҳаси остидаги мақола чиқишига сабаб бўлган, Узун тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Алимовнинг имзоси билан рўйхатдан ўтган 03.08.2019 йилдаги 299/01-31-сонли ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитасининг нохолис, асослантирилмаган ҳамда мавзуга умуман алоқаси бўлмаган жавоб хатларидаги маълумотларга эътибор қаратсак.
Жумладан, «Аммо ўтган давр мобайнида қўшма корхона томонидан ушбу мажбуриятлар бажарилмасдан келинмоқда. Коврак ўсимлиги маданий ҳолда экилганидан сўнг, 6-7 йилда ҳосилга кириши эътиборга олинса, улар ўзига ажратилган ерда на ўсимлик экди, на инвестиция маблағи киритди», «... «FERULA SHIFOBAXSH» МЧЖ қўшма корхонаси 2019 йил давомида 2 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш мажбуриятини олган. Аммо жорий йилнинг 7 ойи мобайнида Узун туманида ковракни қайта ишлаш заводи қуриш учун бир сўм ҳам сармоя киритилмаган. Демак, ўз-ўзидан, корхона Боботоғда табиий ҳолда ўсувчи қимматбаҳо ўсимликнинг ширасини йиғиштириб олиб кетишни мақсад қилгани аён бўлмоқда. Ва бу иши учун туман мутасаддиларидан қўриқлашни ҳам талаб қилишмоқда».
Худди шунга ўхшаш Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитасининг нохолис, ёлғон мавзуга алоқаси бўлмаган маълумотларига нисбатан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Биринчидан, жамият томонидан 2018 йилнинг май ойидан буён ўрмон хўжалиги тизими ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан, яъни «FERULA SHIFOBAXSH» МЧЖга қонуний асосларда ажратилган ҳудудларда бошқа тадбиркорлик субъектлари ва бошқа шахсларга ҳам бериб юборилгани юзасидан кўп сонли мурожаатлари ва шикоятлари оқибатсиз қолдирилгани натижасида инвестиция мажбуриятларини бажаришга эришилмасдан келинган.
Мазкур шикоят юзасидан Савдо-саноат палатасига қилинган мурожаат юзасидан тегишли мутасадди идора ходимлари иштирокида расмийлаштирилган 26.08.2018 йилдаги далолатнома бунинг исботи бўлиши мумкин.
Шунга қарамасдан тегишли мурожаатлар натижа бермаганидан сўнг, жамият томонидан ўрмон хўжалиги томонидан етказилган зарар ва бой берилган фойдани ундириш ҳақида Тошкент туманлараро иқтисодий судига берилган даъво аризаси қаноатлантирилиб, суднинг 23.10.2018 йилдаги 4-1001-1814/23267-сонли ҳал қилув қарори билан жавобгар «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалигидан «FERULA SHIFOBAXSH» МЧЖ ҳисобига 1.258.476.980 сўм бой берилган фойда, 5.000.000 сўм давлат божи ва 16.000 сўм почта харажати ундириш белгиланган.
Ваҳоланки, суд мажлиси жараёнларида яъни, суд мажлисини кўриб чиқишни бошқа кунга қолдириш ҳақида 12.10.2018 йилдаги ажрими билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари О.Ҳакимовдан қўмитанинг 11.06.2018 йилдаги 89-сонли буйруғи ижроси бўйича «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалигида ўтказилган ўрганиш натижаси юзасидан тузилган 25.06.2018 йилдаги далолатнома нусхаси талаб қилинишига қарамасдан, суднинг мазкур топшириғи ўрмон хўжалиги томонидан таъминланмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси ИПК 69-моддасининг тегишли бандини бажармаган тақдирда, белгиланган тартибда жарима солиниши белгиланган. Ўрмон хўжалиги эса, мазкур далолатномани беришга қасддан бош тортган. Агар, талаб қилинган далолатнома топширилган тақдирда, «Боботоғ давлат ўрмон хўжалиги» фаолиятининг 5 ой якунлари ўрганилгани, унга кўра «FERULA SHIFOBAXSH» МЧЖ ва унга ўхшаш қонуний асосларда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига вақтинча ижарага берилган ҳудудларда бошқа тадбиркорлик субъектлари ва бошқа шахслар томонидан қонун-ҳужжатларнинг қўпол равишда бузилгани, шартномалар қонун-ҳужжатларига хилоф равишда расмийлаштирилгани, натижада бошқа тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари қўпол равишда бузилгани, шу билан бирга, давлат бюджетига жуда кўп миқдорда зарар етказилгани ошкор бўлиб қолар эди.
Мазкур далолатноманинг электрон нусхаси ўрмон хўжалиги томонидан жамиятга тақдим этилган.
Ўрмон хўжалиги томонидан берилган апелляция шикояти натижа бермаганидан сўнг, жамият билан етказилган зарарни тўламаслик учун «келишув битими» расмийлаштириб, уни Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан 2019 йилнинг 16 январь куни тегишли ажрим билан тасдиқлатиб олган.
Ваҳоланки, мазкур суднинг ажрими ҳам қонун талабларига зид равишда расмийлаштирилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 18.12.2009 йилдаги 204-сонли Қарорининг 14-бандида, судлар келишув битими ҳуқуқий табиатига кўра битим эканлигини ва келишувнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини ўрганишда уни тузиш тартибини ҳам текширишлари лозимлигини ҳисобга олишлари кераклиги, агар келишув битимининг тарафи акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият бўлса, мазкур келишув йирик битим белгиларига жавоб беришини, у «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибга мувофиқ тузилганини аниқлаш талаб қилиниши кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, ўша Қарорнинг 13-бандида, суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани муҳокама қилаётганида тарафлар тақдим этган келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф эмаслигини ва у бошқа бирор шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаётганини, агар келишув битими кўчар ёки кўчмас мулкни бериш тўғрисидаги шартни ўз ичига олса, суд ушбу мулкка учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари бор-йўқлигини (хатлаб қўйилганини, гаровга қўйилганини ва ҳ.к.) текшириши лозим. Кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, суд ИПК 134-моддасига мувофиқ келишув битимини тасдиқлашни рад этиши ва ишни мазмунан кўриб чиқиши белгиланган.
Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан юқоридаги талаблар ўрганилмаган ва текширилмаган.
Ваҳоланки, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 44-моддасида, йирик битимни тузиш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилиниши, шунингдек, ушбу моддада назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тузилган йирик битим жамиятнинг ёки унинг иштирокчисининг даъвосига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкинлиги белгиланган.
Бундай ҳолатда, жамиятнинг собиқ раҳбари жавобгар билан Битим тузишда битимнинг йирик битим турига киришини инобатга олмасдан, жамият таъсисчиларнинг умумий йиғилишини ўтказмаган.
Маълумот учун: У.Идрисходжаев мутахассис сифатида фаолият юритаётган шунингдек, «FERULA SHIFOBAXSH» МЧЖга таъсисчи сифатида қўшилган «SHIFOBAXSH DORIVOR O‘SIMLIKLARNI YETISHTIRISH VA QAYTA ISHLASH MARKAZI» Давлат унитар корхонасининг жавобгар — «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалигига битта тузилма сифатида қарашли эканлигини ҳисобга олиб ҳамда ўзаро манфаатдорлик борлиги нуқтаи назардан, жавобгар билан 17.12.2018 йилда «Келишув битими» расмийлаштириб, жамият таъсисчиларининг рухсатини олмасдан 16.01.2019 йилда иқтисодий суд орқали тасдиқлатиб олган.
Жамият раҳбари У.Идрисходжаевнинг ўзбошимчалик билан содир этган хатти-ҳаракатлари натижасида, жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаган ҳамда уни жиддий тарзда қийинлаштиришга олиб келган.
Шунга кўра, жамият директорининг ўзбошимчалик билан ҳамда қонунга хилоф равишдаги хатти-ҳаракатлари билан даъвогар таъсисчиларнинг ишончини йўқотаётгани юзасидан уни жамият директори лавозимидан озод этиш бўйича 01.05.2019 йилда 2-сонли баённома расмийлаштирилиб, унинг ўрнига Санъат Халилов жамият раҳбарлигига тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирги кунда Ўрмон хўжалиги тизимида фаолият юритувчи қўшилган «SHIFOBAXSH DORIVOR O‘SIMLIKLARNI YETISHTIRISH VA QAYTA ISHLASH MARKAZI» Давлат унитар корхонасини «FERULA SHIFOBAXSH» МЧЖ таъсисчилигидан чиқариб юбориш хақидаги даъво юзасидан Тошкент шаҳар Иқтисодий судида (4-10-1923/252-сонли иқтисодий иш) кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, юқорида кўрсатиб ўтилган пленум қарорининг 7-бандига кўра, шартли тузилган келишув битимини тасдиқлашга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.
Бироқ, биринчи инстанция суди «Келишув битими»ни муҳокама қилаётганида, унинг 3-банди қонун ҳужжатларига хилоф эмаслигини текширмаган.
Бундан ташқари, ЎзР ФК 179-моддасининг биринчи қисмига асосан давлат корхонаси ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкни мулкдорнинг розилиги билангина бошқа шахсга беришга ёки уни бошқача усулда тасарруф этишга ҳақли эканлиги кўрсатилган.
Шу боис, Қарорнинг 14.1-бандига мувофиқ, судлар келишув битимини тасдиқлаш масаласини кўриб чиқишда келишув битими объекти давлат мулки бўлса тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли давлат органининг розилиги олинганига эътибор қаратиши лозим эди.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси ИПКнинг 30-моддаси 1-қисмининг 3-бандига кўра, юридик шахс иштирокчиларининг (муассислар ва аъзоларининг) юридик шахс томонидан тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва (ёки) бундай битимларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳақидаги даъволари бўйича низолар кўриб чиқилиши белгиланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жамият билан «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги ўртасида тузилган келишув битимини хақиқий эмас деб топиш ҳақида тегишли судга шикоят лойиҳаси тайёрланган.
Шунга кўра, жамиятимиз томонидан инвестиция мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган важларга кўра ҳамда айрим давлат органларига бўлган ишонч йўқолиб бораётгани сабабли ўз вақтида киритилишига сабаб бўлмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитасининг чет эл инвестори Қозоғистон Республикаси фуқароси Муҳаммад Иброҳим Муҳаммад Азимнинг 300 минг АҚШ доллари миқдорида жамиятнинг устав фондига киритиш шарти билан 60 фоиз улуш асосида таъсисчи сифатида киргани, бироқ, жамиятнинг тегишли таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартириш киритилмагани ва давлат рўйхатидан ўтказилмаганига нохолис ва нотўғри ёндашилган.
Жумладан, мазкур чет эл фуқаросининг устав фондини шакллантиргани ҳақиқат. Бироқ, у фуқаронинг бевосита жамиятнинг таъсисчиси сифатида рўйхатдан ўтган «SHIFOBAXSH DORIVOR O‘SIMLIKLARNI YETISHTIRISH VA QAYTA ISHLASH MARKAZI» Давлат унитар корхонасининг манфаатлари учун хизмат қилгани, қолган таъсисчиларга нисбатан ўзаро ҳурмат ва келишув муносабатларини шакллантирмагани сабабли, 01.11.2018 йилдаги таъсисчиларнинг умумий йиғилиш баённомаси асосида, у таъсисчи сифатида давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Бу ҳақда, у томонидан жамият устав фондига киритилган 300 минг АҚШ долларини қайтариб олишини сўраб, жорий йилда икки марта огоҳлантириш хати юборилган.
Бундан ташқари, фуқаро Муҳаммад Иброҳим Муҳаммад Азимнинг шахсан ўзи томонидан 26.02.2019 йилдаги «SHIFOBAXSH DORIVOR O‘SIMLIKLARNI YETISHTIRISH VA QAYTA ISHLASH MARKAZI» Давлат унитар корхонаси раҳбари А.Маматкаримов номига йўллаган мурожаатида, унинг таъсисчилар сафидан чиқишини маълум қилгани баён этилган.
Шунга кўра, ўрмон хўжалигининг берган асослантирилмаган жавобидаги жамиятнинг бошқа таъсисчилари томонидан киритилган АҚШ валютасида киритилган устав фондини оширишдаги ҳаракатлари ўзаро келишув йўли билан амалга оширилганини, бу эса, фуқаро Муҳаммад Иброҳим Муҳаммад Азим томонидан киритган 300 минг АҚШ долларига умуман алоқаси йўқлигини, мазкур маълумот умуман олганда нуфузли давлат органининг «ғийбат гап»ли маълумотидан ўзга нарса эмас деб ҳисоблаймиз.
Шунингдек, мақолада Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси томонидан «TK KOMETA» МЧЖ ва фуқаро Якубов Рустам Дунаевичнинг ўзаро тил бириктириб, ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишгани, инвестиция маблағини ўзлаштиришни мақсад қилганликлари, жамиятга тегишли бўлган муҳр ва штампларни қалбакилаштиргани, банк ва солиқ инспекциясидаги маълумотларга ўзгартириш киритишгани, жамиятнинг банкдаги 104 минг АҚШ доллар миқдоридаги пул маблағларини турли мақсадларда сарфлашга эришилгани, инвестиция фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилаётгани каби, тегишли тергов ёки суднинг қонуний асослантирилган ҳужжатлари бўлмасдан, туҳмат асосида юқоридаги маълумотлар оммавий ахборот воситаси орқали тарқатилган.
Мақоланинг юқоридаги ҳамда шу билан бирга, охирги қисмларида кўрсатиб ўтилган жамиятга ажратилган маҳаллий аҳоли томонидан ишлаётганлик ҳолати юзасидан 30та далолатнома расмийлаштирилгани ҳақидаги туҳматга яқин бўлган маълумотлар билан жамиятнинг шаъни, қадр-қимматлари ва ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатилган.
«FERULA SHIFOBAXSH» МЧЖ директори С.Халилов.
Жамият таъсисчилари: Нараян Сундарам («TK KOMETA» МЧЖ вакили),
Рустам Якубов
Таҳририятдан: «FERULA SHIFOBAXSH» МЧЖ томонидан келтирилган фикрлар ва тақдим этилган далилларнинг ҳақиқатга мос келиши ёки келмаслиги бўйича таҳририят жавобгар эмас.
Мавзуга оид
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
14:50 / 21.11.2024
Кувайт Ўзбекистонда Она ва бола кластерини ташкил этади
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15 / 13.11.2024