Иқтисодиёт | 17:30 / 30.08.2019
24550
3 дақиқада ўқилади

Давлат ташқи қарзи ярим йилда 3,2 миллиард долларга ошган - Молия вазирлиги

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бугун, 30 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Давлат қарзини самарали бошқариш» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов, Давлат ички ва ташқи қарзи департаменти бошлиғи Жасур Қаршибоев ва соҳага масъул бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Тадбирда давлат ташқи қарзи ҳақидаги маълумотлар маълум қилинди.

Қайд этилишича, йил бошида давлат ташқи қарзи 9,9 миллиард доллар бўлган, 6 ойда ушбу кўрсаткич 13,1 миллиард долларга етган ва бу ялпи ички маҳсулотнинг 23,5 фоизини ташкил этади. Мазкур маблағлар асосан кредитор мамлакатлар (Хитой, Япония, Германия ва бошқалар) ҳамда халқаро молиявий ташкилотлар (Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Ислом тараққиёт банки) томонидан жалб қилинган. Қарзлар асосан узоқ ва ўрта муддатларга олинган бўлиб, имтиёзли даврда қарз суммаси эмас, фақатгина фоиз ставкаси тўланмоқда. Февраль ойида Ўзбекистоннинг 1 миллиард долларлик халқаро суверен облигациялари жаҳон молия бозорларига чиқарилди. Бунинг 90 миллион доллари бюджет ссудаси тариқасида Навоий тоғ-металлургия комбинатига берилган бўлса, қолган қисми банкларга депозит шаклида аукцион орқали жойлаштирилди.

Давлат ички қарзи 30 июнь ҳолатига кўра, 5,4 миллиард доллари эквивалентини ташкил этмоқда. Шундан 97 фоизини ҳукумат кафолатлаган, 3 фоизи эса ҳукумат томонидан жалб қилинган.

«Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари тижорат банклари орқали катта давлат ташкилотларига йўналтирилган. Бу жараёнда давлат ўз кафолатини берган. Катта-катта лойиҳалар шу маблағлар ва Президент қарорлари билан амалга оширилган. Шунинг учун гарчи ҳукумат пулининг бир қисми давлат корхоналарига кетган бўлса-да, биз консерватив ёндашув билан буни қарз, деб тан олдик. Кафолат берилганидан кейин мабодо нимадир бўлса, давлат тўлаб беришга мажбур бўлади», дея Молия вазири ўринбосари Одил Исоқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосарининг айтишича, ўтган йилнинг декабрь ойидан бошлаб давлат ички капитал бозорида давлат облигациялари сотувга чиқарилмоқда. Биринчи ярим йилликда 850 миллиард сўмлик облигациялар 1-3 йил муддат билан бозорга жойланган.

Мавзуга оид