Спорт | 01:35 / 03.09.2019
21497
7 дақиқада ўқилади

«Кучли бешлик»да трансфер ойнасининг сўнгги куни – энг муҳим трансферлар, келишувлар, битимлар

2 сентябрь куни Европанинг кучли бешта лигасига кирувчи Испания, Италия, Германия ва Франция чемпионатида трансфер ойнаси ёпилди. 

Ёзги трансфер мавсумининг сўнгги кунида эътиборга лойиқ бўлган бир қанча келишувлар амалга ошди.

«Тоттенҳэм» клубини эркин агент мақомида тарк этган ҳужумчи Фернандо Льоренте «Наполи» аъзосига айланди. 34 ёшли футболчи «Ювентус»ни тарк этганидан тўрт йил ўтиб, яна А Серияга қайтмоқда. Ҳозирча Льорентенинг Неаполь клуби билан битими шартлари маълум эмас. ОАВда томонлар икки йиллик шартнома ва 2,5 млн евро йиллик маош бўйича келишишгани айтилмоқда.

Маттео Дармиан

«Манчестер Юнайтед» ҳимоячиси Маттео Дармиан Италиянинг «Парма» клуби билан 2023 йилгача мўлжалланган шартномани имзолади. Трансфер 1,5 миллион евро эвазига амалга оширилди. 2015 йилдан буён «Манчестер Юнайтед» сафида тўп тепиб келган Дармиан ўтган мавсумда атиги 6та ўйинда ҳаракат қилган эди. 

Хавьер Эрнандес

Мексикалик ҳужумчи Хавьер Эрнандес ёки «Чичарито» Лондоннинг «Вест Ҳэм» клубидан «Севилья»га ўтди. Испанлар форварднинг шартномасида кўрсатилган 8 миллион евро миқдоридаги товон пулини тўлашди. 2018/19 йилги мавсумда Чичарито «Вест Ҳэм» учун Англия Премьер-лигасида 25 ўйинда майдонга тушиб, 7та гол урган эди. У турли йилларда «Манчестер Юнайтед», «Реал», «Байер» клублари шарафини ҳимоя қилган. Мексика миллий жамоасида 108 ўйин ўтказиб, 51 гол урган.

Симон Кьяер

«Аталанта» ҳимоячи Мартин Шкртел билан шартномани бекор қилганини, шунингдек, «Севилья» ҳимоячиси Симон Кьяерни ижарага олганини эълон қилди. Шкртел «Аталанта» билан август ойи бошида шартнома имзолаган эди. Аммо клуб таркибида бирорта ўйинда қатнашмади. Хабар қилинишича, 34 ёшли ҳимоячининг соғлигидаги муаммолар туфайли шартнома бекор қилинган. Жамоанинг янги ҳимоячиси 30 ёшли Кьяер ўтган мавсум Ла Лигада 26та ўйин ўтказган. Ҳимоячи учун А Серия бегона эмас. У фаолияти давомида Италиянинг «Палермо» ва «Рома» жамоаларида ҳам ўйнаган.

Кейлор Навас

«Реал» дарвозабони Кейлор Навас фаолиятини Францияда давом эттирадиган бўлди. Париж клуби 32 ёшли дарвозабон учун 18 млн евро тўлади ва 26 ёшли посбони Альфонс Ареоляни бир мавсумга ижарага бериб юборди. «ПСЖ» клуби баёнотига кўра, «Реал» Ареоляни тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқига эга эмас. Футболчининг парижликлар билан 2023 йилгача мўлжалланган шартномаси бор. Қайд қилиш жоизки, Навас «Реал»га 2014 йил ёзида «Леванте»дан 10 млн еврога ўтган эди. У Мадрид клубидаги 5 йиллик фаолияти давомида 12та совринга эга чиққан, шулардан 3таси ЕЧЛ ғолиблигидир. Ареоля – «ПСЖ» тарбияланувчисидир. У жамоа билан 6та совринни ютиб олган. Фаолиятининг бир қисмида «Вильярреал» клубида ижарада ўйнаган.

Альфонс Ареоля

«Челси» ҳимоячиси Абдулраҳмон Баба ижара асосида «Мальорка»да ўйнайдиган бўлди. Шунингдек, Лондон клуби ганалик 25 ёшли футболчи билан шартномани 2022 йилгача узайтирди. Баба ўтган мавсумни ижара асосида «Шальке» ва «Реймс»да ўтказган эди.

Рафинья Алькантара

«Барселона» яримҳимоячиси Рафинья Алькантара фаолиятини «Сельта»да давом эттиради. 26 ёшли футболчи каталонияликлар билан 2021 йилгача мўлжалланган шартномани имзолади ва 1 йил муддатга ижарага берилди. «Сельта» Рафиньянинг маошини ўз зиммасига олди. Бундан ташқари 1,5 миллион евро миқдорида бонус ҳам берадиган бўлди. Қайд қилиш жоизки, Рафинья 2013/14 мавсумида «Сельта»да ўйнаган эди. Футболчи оғир жароҳати туфайли ўтган мавсумнинг катта қисмида майдонга тушмади.

Никола Калинич

«Рома» клуби «Атлетико» ҳужумчиси Никола Калинични ўз таркибига қўшиб олди. Хорватиялик футболчи 2020 йил ёзигача римликлар шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. «Рома» Калинич трансфери учун 3 миллион евро тўлади. Футболчи янги клубида 19-рақамни танлади. Қайд қилиш жоизки, Калинич аввалроқ Италия чемпионатида тўп тепиб, «Фиорентина» ва «Милан» клубларида ўйнаган эди.

Анте Ребич / Андре Силва

«Милан» клуби «Айнтрахт» билан ҳужумчиларни алмаштирди. «Россонери» немисларнинг 25 ёшли ҳужумчиси Анте Ребични 2 йил муддатга ва 5 миллион евро эвазига ижарага олди. Ижара муддати якунлангач, «Милан» уни 20 миллион еврога тўлиқ сотиб олади. Шунингдек, «Милан» ҳужумчиси Андре Силва янги мавсумни «Айнтрахт» таркибида ўтказадиган бўлди. Унинг шартномаси бандлари ҳозирча эълон қилинмади. Ўтган мавсумда Ребич «Айнтрахт» таркибида Бундеслигада 28та ўйинда майдонга тушиб, 9та гол урган ва 4та голга ҳаммуаллифлик қилган эди. Андре Силва эса «Севилья» таркибида ижарада ўйнаб, 27та ўйинда 9та гол урди.

Генрих Мхитарян

«Рома» клуби «Арсенал» яримҳимоячиси Генрих Мхитарян билан шартнома имзолади. Арманистонлик футболчи римликлар таркибида мавсум охирига қадар ижарада ўйнайдиган бўлди. «Рома» Мхитарян ижараси учун 3 миллион евро тўлади. Ўтган мавсумда футболчи «Арсенал» таркибида барча мусобақаларда 39та ўйинда майдонга тушиб, 8та гол урган.

Эмилиано Ригони

«Зенит» яримҳимоячиси Эмилиано Ригони фаолиятини «Сампдория»да давом эттиради. 26 ёшли футболчи Генуя клубига ижарага берилди. «Сампдория»да яримҳимоячини сотиб олиш ҳуқуқи ҳам бор. Бунгача «Сампдория» Ригонини 1 млн еврога ижарага олиши, сўнг 9 млн еврога сотиб олиши ҳақида айтилганди. Ригони «Зенит» сафига 2017 йил ёзида Аргентинанинг «Индепендьенте» клубидан ўтган. У бунгача Италияда ҳам ўйнаб улгурган. Ўтган мавсумнинг биринчи ярмини «Аталанта»да ижара асосида ўтказган.

Қайд қилиш жоизки, трансфер ойнасининг сўнгги соатларида амалга оширилган келишувлар ва битимлар кейинчалик эълон қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, Англияда трансфер ойнаси 8 август куни ёпилган эди.

Мавзуга оид