Ўзбекистон | 19:00 / 14.09.2019
29504
3 дақиқада ўқилади

Қайси ҳолатларда иш берувчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасини қўллаш мумкин?

Фото: KUN.UZ

Иш берувчи ва ишчи ўртасидаги шартномага риоя қилмаслик, унинг иш вақтига доир бандлари бажарилмаслиги ёхуд қўшимча ҳақ тўланмаслиги мажбурий меҳнат ҳисобланмайди. Аксинча, бу меҳнат қонунчилиги бузилиши сифатида талқин этилиши лозим. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг қўшма матбуот анжуманида шу масалага ойдинлик киритилди. Спикерлар Kun.uz мухбирининг давлат идораларида ортиқча ишлашга доир саволларига қуйидагича жавоб берди.

- Мажбурий меҳнат тушунчаси жуда кенг. У фақатгина пахта мавсумига доир эмас. Масалан, сўнгги вақтларда давлат идоралари ходимларидан белгиланганидан ортиқча ишлаётганлари ҳақида шикоятлар келиб тушмоқда. БваММВ давлат идораларида Меҳнат кодексига риоя қилинишига қанчалик эътибор қаратади?

«Белгиланган ҳолатдан ортиқча ишлаш мажбурий меҳнат эмас, аксинча меҳнат қонунчилигининг бузилиши бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига биноан жавобгарликка тортилади. Ишдан кейин ишласа, қўшимча ҳақ тўлаши керак. Бу ҳам кодексда тартибга солинган. 

Умуман, давлат идораларида меҳнат қонунчилигига риоя қилинниши борасида вазирлик нима иш қилмоқда, дейдиган бўлсак, 2019 йилда вазирликлар, давлат идоралари, ташкилотлари ва корхоналарининг 90 фоизини қамраб олдик. Текширув давомида меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланса, иш берувчи 49-модда асосида жавобгарликка тортилади. Бунда давлат ёки нодавлат ташкилоти бўладими, фарқи йўқ. 

Шунинг баробарида президент Мирзиёев ҳам бу борада қатъий фикрини билдирган. Давлат ташкилоти ходими дам олиш вақтида дам олиши керак», - деди БваММВ вазири ўринбосари Нодирбек Яқубов.

- Халқаро меҳнат ташкилоти айни масала, яъни давлат идоралари ходимларининг белгиланганидан ортиқча ишлаши борасида Ўзбекистон ҳукумати билан келгусида қандай ҳамкорликни режалаштирмоқда?

«Меъёрдан ортиқча ишлашни мажбурий меҳнат билан адаштирмаслик лозим. Халқаро меҳнат ташкилотида ҳам баъзида меъёрдан ортиқча ишлаган ҳолатлар бўлиб туради. Мажбурий меҳнатда сиз ўз ихтиёрингизга қарши ишлашга жалб этиласиз ёхуд қандайдир хатар, таҳдид остида бўласиз. 

Бу савол кўпроқ меҳнат шароитлари ва иш берувчи ҳамда ишчи ўртасидаги шартнома шартларига риоя қилинишига бориб тақалади. Яъни мажбурий меҳнат мавзусига доир эмас. Умуман, ХМТ Ўзбекистон ҳукумати билан қатор соҳаларда кенг ҳамкорлик қилиб келмоқда. Булар фақатгина болалар меҳнати ёки мажбурий меҳнат эмас, шу жумладан, муносиб меҳнат, меҳнат хавфсизлиги, камситиш, гендер тенглиги кабилардир», - дея жавоб берди Йонас Аструп. 

Мавзуга оид