Тошкентда «Ракат» жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйилди
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги «Ракат» жоме масжидининг эски биноси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон бошчилигида барпо этилганди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўша даврларда «Ракат» маҳалласида яшовчи Миржалил ота ўзига тегишли бўлган боғдан 8 сотих ер ажратиб, бу жойни масжид қуриш учун берган. Шундан сўнг 1954 йил масжид тикланган ва ўз фаолиятини шу кунга қадар давом эттириб келмоқда.
Ўтган давр мобайнида ушбу масжид биноси эскириб, пойдеворлари яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Қолаверса, охирги пайтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётган эди. Шу сабабли маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини илгари сурди. Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўллаб-қувватлангач қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Шу йил 14 сентябрь куни «Ракат» жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйиш тадбири бўлиб ўтди. Маросимга йиғилган уламолар ва мўйсафидлар масжид кўп йиллар хизмат қилишини ният қилиб, биринчи ғиштни қўйиб берди.