Спорт | 23:40 / 17.09.2019
20415
2 дақиқада ўқилади

Баҳодир Жалолов ва Дилшодбек Рўзметов ҳам чорак финалга чиқди

Бокс бўйича Екатеринбург шаҳрида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида тўққизинчи кун беллашувлари якунланди ва Ўзбекистон бокс терма жамоасининг яна икки вакили чорак финалга йўлланма олди. 

Дастлаб, -81 килограмм вазн тоифасидаги Дилшодбек Рўзметов нимчорак финалда руминиялик Андреи Арадауга қарши рингга кўтарилиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Энг оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов (+91 кг) украиналик Цонте Рогавага қарши жанг қилиб ғалаба қозонди ва кейинги босқичга чиқди.

Шу тариқа чорак финалга йўл олган ўзбекистонлик боксчилар сони беш нафарга етди. 

Бунгача Ўзбекистон бокс терма жамоасининг -52 кг вазн тоифасидаги вакили Шаҳобиддин Зоиров, -57 кг вазн тоифасидаги Миразиз Мирзахалилов ва -69 килограмм вазн тоифасидаги Бобоусмон Батуров чорак финал йўлланмасини қўлга киритишганди.

Терма жамоанинг уч вакили эса турнирдаги иштирокини эрта якунлади. Бироз олдинроқ, -91 кг вазн тоифасидаги Санжар Турсунов ҳиндистонлик Санжит Санжитга ютқазиб, турнирдаги иштирокини якунлади. Унгача -75 кг вазн тоифаси вакили Фанат Қаҳрамонов ва -63 кг вазн тоифасидаги Элнур Абдураимов ҳам турнирни нимчорак финалдан тарк этганди.

Мавзуга оид