Ўзбекистон жаҳоннинг энг диққатга молик инвестицион ҳудудларидан бирига айланиш имкониятига эга. Янги президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни социализмдан капитализмга ўтказиш ҳаракатлари 50 млрд доллар ЯИМ қийматидаги иқтисодиётни инвесторлар назарига тушириши кутиляпти, деб ёзмоқда Forbes нашри.

«Ўзбекистон – Хитой тиклаётган янги ипак йўлидаги яширин жавоҳир» сарлавҳали мақолада муаллиф, Ўзбекистон Буюк ипак йўлида жойлашган қадимий шаҳарлари Тошкент ва Самарқанд билан машҳурлигига диққат қаратган.

«Бир-бири билан 344 километрлик тезюрар поезд йўли билан боғланган бу шаҳарлар АҚШ-Хитой савдо уруши авж олаётган бир пайтда жаҳон савдосида муҳим ўрин тутади», – деб таъкидланган нашрда.

Ҳозир Тошкентда 1,7 млрд долларлик халқаро бизнес ва молиявий ҳаб барпо этилмоқда. Лойиҳа саноат парки, 8та бизнес-марказ, йирик савдо мажмуаси, ресторанлар ва маданий марказ, шунингдек, 70 гектар майдондаги турар-жой мажмуаларини ўз ичига олади, дея маълумот берилган Forbes мақоласида.

Муаллиф Райнер Майкл Прайсснинг фикрича, Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев бошчилигида жаҳоннинг энг тез ўсаётган иқтисодиётларидан бири бўлиб турибди.

«Бор-йўғи икки йилдан кўпроқ вақт ичида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ёпиқликдан эркин бозор иқтисодиётига ўтди. Мирзиёев валюта айирбошлаш курсини эркин оқимга ўтказди, молиявий эгалик ҳуқуқини мустаҳкамлади, стратегик аҳамиятга эга бўлмаган бизнес турларидаги давлат улушини сотиш орқали хусусийлаштириш ташаббусини билдирди.

Бу ислоҳотлар ортидан, мамлакат ҳукумати маълумотларига кўра, Ўзбекистонда туристлар оқими 2018 йилга қараганда 2 баравардан кўпроққа, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция миқдори эса 2019 йилнинг биринчи ярмида бир йил олдингига нисбатан 4 бараварга ошган», деб ёзган халқаро нашр.

Қайд этилишича, Ғарб давлатларининг катта қисми қарзга ботган бир пайтда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ЯИМнинг 19,8 фоизини ташкил қилади. Февраль ойида мамлакатнинг илк халқаро суверен облигациялари қиймати 1 миллиард долларни ташкил қилди. 10 йил муддатга 5,375 фоиздан жойлаштирилган евробондлар нархи ҳозир 110 долларга тенг, уларнинг даромадлилиги 4 фоизга тушган. Standart & Poors ва Fitch Ratings агентликлари рейтингларида Ўзбекистон – Боливия, Бразилия ва Бангладеш каби – ўрта инвестицион даражадан уч поғона пастда, яъни BB- категориясида қайд этилган.

Аммо фахрий инвестор Марк Мобиуснинг сўзларига кўра, халқаро молия менежерларида Ўзбекистоннинг кредит рейтингига нисбатан тобора ижобий фикр уйғонмоқда. Мамлакат инвесторлар учун жозибали эканига сабаблардан яна бири эса у ерда газ, олтин ва бошқа металлар каби табиий бойликлар кўплигидир, дейди у. Ўзбекистон, шунингдек, пахта экспорти бўйича жаҳоннинг етакчи давлатларидан бири саналади.