Жаҳон | 14:30 / 22.09.2019
50419
7 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони ва Эрон бир-бирига таҳдид қилмоқда

Фото: GETTY IMAGES

Саудия Арабистони ҳукумати ўз ҳудудидаги нефть объектларига қилинган ҳужумларга жавобан ҳар қандай чора қўллашга тайёрлигини маълум қилди. Бундан ташқари, расмий Ар-Риёд бу ҳужумлар учун масъулиятни Эрон зиммасига юкламоқда. Теҳрондагилар эса бу айблов асоссиз эканини таъкидламоқда.

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги нефть объектларига уюштирилган ҳужумдан кейинги текширувнинг дастлабки натижалари маълум бўлгани, бу ҳужумда эронликлар томонидан ишлаб чиқарилган қуроллардан фойдаланилганини тасдиқлади.

Шунингдек, вазирлик журналистларнинг эътиборини яна бир марта ҳужум ҳусийчилар жойлашган жанубдан эмас (бу ташкилот ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди), балки шимолдан, яъни Эрон томонидан амалга оширилганига қаратди. Шу билан биргаликда, текширув ишлари давом этмоқда, унинг натижалари барча излар ўрганиб бўлинганидан кейин эълон қилинади.

Бундан аввалроқ, шунга ўхшаш баёнот Саудия Арабистони мудофаа вазирлиги томонидан ҳам берилганди. Чоршанба куни вазирлик расмийлари мамлакат ҳудудидаги нефть объектларига ҳужумда қўлланган учувчисиз учиш қурилмаси ва қанотли ракеталар парчаларини намойиш этганди. Вазирлик баёнотида бу қуролларнинг барчаси Эронга мансублиги ва улар Эрон ҳудудидан учирилгани маълум қилинган.

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр жума куни журналистларга ҳозирда ҳукумат ўз иттифоқчилари билан маслаҳатлашув ўтказаётгани ва жавоб ҳужуми учун эҳтимолий вариантлар муҳокама қилинаётганини айтди. Шу билан бирга, ушбу дипломат қандай вариантлар кўриб чиқилаётганига аниқлик киритмади.

«Подшоҳлик бутун жаҳон ҳамжамиятини глобал иқтисодиётга таҳдид солган масъулиятсиз хатти-ҳаракатларга нисбатан бепарволик қилмасдан, қатъий позицияни эгаллашга ва бу ҳаракатларни кескин қоралашга чақиради», дейди вазир.

Америка Қўшма штатлари ҳам Саудиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига қилинган ҳужум учун жавобгарликни Теҳрон зиммасига юкламоқда. Ўз шахсини ошкор қилишни истамаган бир неча мулозим бу ҳужум Эроннинг жанубий қисмидан туриб амалга оширилганини тасдиқлади.

Жума куни Пентагон Саудия Арабистонига ҳарбий контингент жўнатилиши, бундан мақсад ушбу мамлакатнинг ракеталар ҳамда ҳаво ҳужумидан ҳимоясини мустаҳкамлаш бўлишини маълум қилди.

Пентагон раҳбарининг сўзларига кўра мамлакат президенти Дональд Трамп ушбу қарорни Саудия Арабистони ва БАА томонидан юборилган ҳимоя сўровларига жавобан қабул қилган.

«Президент сўровларга жавоб тариқасида АҚШнинг Яқин Шарқдаги қўшинлари сонини ошириш ва бу орқали асосан ракеталар ҳамда ҳаво ҳужумидан ҳимояни мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда», — дейди АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

Саудия Арабистони ҳамда БААга керакли ҳарбий техникаларни юбориш жараёни ҳам давом этади.

Пентагон томонидан ҳудудга юбориладиган қўшин тури ва сони ҳақида келаси ҳафтада эълон қилинади. Брифингда қатнашган АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раиси Жозеф Данфорднинг сўзларига кўра, бу ерда гап минглаб эмас балки юзлаб аскарлар ҳақида кетмоқда.

Шунингдек, брифинг давомида АҚШ мудофаа вазирлиги вакиллари содир бўлган воқеаларга Эрон айбдор эканига яна бир бора урғу қаратган.

«Қурол Эронда ишлаб чиқарилган. Ракеталар Ямандан учирилган. Заруратга кўра Яқин Шарқ ҳудудига яна қўшин юборилиши ёки «бошқа ҳарбий вариантлар» кўрилиши кўзда тутилган», — дейди АҚШ мудофаа вазири.

Дональд Трамп ҳам Эронга қарши янги санкциялар қўллашга киришган.

Эрон нима дейди?

14 сентябрь куни Saudi Aramco’га дронлар уюштирилган ҳужум учун масъулиятни Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийчилар гуруҳи ўз зиммасига олганди. Расмий Теҳрон эса бу ҳодисага алоқадорлигини рад этди. Бундан ташқари, мамлакат қуролли кучлари Эронга қилинадиган ҳар қандай таҳдидни йўқ қилиши маълум қилинди.

«Эҳтиёт бўлинг. Биз агрессия актларига жим қараб турмаймиз, нафақат қарши зарба берамиз, балки ҳарбий ҳаракатларни агрессорни бутунлай йўқ қилгунча давом эттирамиз», деди Эрон ислом инқилоби соқчилари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломий.

Ўз навбатида Эрон ҳарбий-ҳаво кучлари корпуси қўмондони Амир Али Ҳожизода ҳам АҚШ томонидан Саудия Арабистонига ҳарбий контингент юборилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ўзининг аввалги хатоларидан сабоқ чиқариши керак, Эронга қилинадиган ҳар қандай ҳужумга эса албатта жавоб қайтарилади.

Эрон ислом инқилоби соқчилари корпуси - Эрон қуролли кучлари таркибидаги етакчи ҳарбий тузилма ҳисобланади. АҚШ бу корпусни террорчи ташкилотлар рўйхатига қўшган.

Зиддият нимадан бошланганди?

14 сентябрга ўтар кечаси Саудия Арабистони нефть саноати инфратузилмаси ҳужумга учради. Абқайқ ва Хурайсда жойлашган нефтни қайта ишлаш корхоналари дронлар ҳужум туфайли ишдан чиқди ва Саудия кунлик нефть ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга камайтирди, натижада дунёда нефть нархи қимматлашиб кетди.

Дастлаб бу ҳужум учун жавобгарликни 4 йилдан буён Саудия Арабистони билан уруш ҳолатида бўлган Ямандаги ҳусийчилар ўз зиммасига олганди. Бу зиддиятга Саудия Арабистони Яманнинг амалдаги президентини ағдариб ташлаган гуруҳларга қарши араб давлатлари коалицияси тузиши сабаб бўлган.

Ўтган вақт давомида Эрон томонидан қўллаб-қувватланиб келадиган ҳусийчилар бир неча марта Саудия Арабистони ҳудудига ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилган, бу ҳужумлар аксар ҳолатларда Ар-Риёд АҚШдан сотиб олган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ёрдамида тўхтатилган. Ҳусийчилар нефть объектларига қилинган ҳужумни ўз зиммасига олиб берган баёнотида бундай ҳужумлар саудияликлар Яман ҳудудидаги ҳарбий амалиётларини тўхтатмагунича давом эттиришини маълум қилган.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Саудия Арабистонидаги ҳодиса бўйича изоҳ берар экан, бу ҳужум ортида Эрон тургани, ўша вақтда Яман ҳудудидан ҳеч қандай ҳаракат амалга оширилмаганини маълум қилган. АҚШ расмий Теҳронни минтақадаги бошқа нефть инфратузилмаларига қилинган ҳужумлар учун ҳам айбдор деб ҳисоблайди ва икки давлат муносабатларидаги кескинлик кундан кунга кучайиб бормоқда.

Мавзуга оид