Жаҳон | 20:32 / 07.10.2019
2950
2 дақиқада ўқилади

Эквадорда намойишлар вақтида 500 га яқин одам ушланди 

Эквадорда ҳукуматнинг иқтисодий чораларига қарши ўтказилаётган норозилик намойишларида ушланганлар сони 477 кишига етди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.  

Мамлакат ички ишлар вазири Мария Паула Ромонинг маълум қилишича, барча ушланганлар вандалликда, жумладан тез ёрдам ва полиция машиналарига қарши қаратилган хатти-ҳаракатларда гумон қилинмоқда.   

Ўтган ҳафта Эквадор президенти Ленин Морено 3 октябрдан дизел ёнилғиси ва бензинга субсидияларни бекор қилиш ҳақидаги фармонни имзолагач, улар нархи 120 фоиздан кўпроққа ошиб кетган. Касаба уюшмалари вакиллари бу қарорга қарши чиқишларини ва норозиликлар ташкиллаштиришларини эълон қилишган. 3 октябрдан транспорт ходимлари мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб муддатсиз иш ташлашни эълон қилишган. Бундан ташқари, намойишчилар йирик автомагистралларни тўса бошлашган.

Баъзи шаҳарларда намойишлар тартибсизликларга айланиб кетган. Морено юзага келган ҳолатда фавқулодда вазият эълон қилиб, унинг киритилишини “фуқароларнинг осойишталиги ва хавфсизлигини ҳимоялаш ҳамда тартибсизликларга ундаётганларни назорат қилиш” зарурати билан тушунтирган. 4 октябрда транспорт касаба уюшмалари етакчиси бутун мамлакат бўйлаб иш ташлашлар тўхтатилишини эълон қилган. Бироқ маҳаллий матбуот маълумотларига кўра, йирик шаҳарларда ҳаракат ҳали ҳам тўлиқ тикланмаган. 

Шунингдек, Эквадор пойтахти Кито раҳбарияти 7 октябрда ишга чиқмайдиган ҳайдовчиларга маъмурий чоралар қўллашга қарор қилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид