Эронда тўққиз кундан бери давом этаётган кўча намойишларида камида 35 киши ҳалок бўлган, 1200 дан ортиқ намойишчи эса ҳибсга олинган. Бу ҳақда Deutsche Presse-Agentur (dpa) агентлиги Human Rights Activists in Iran ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот ва унинг HRANA медиа тармоғига таяниб, душанба куни, 5 январда хабар берди.
HRANA маълумотларига кўра, декабр охирида бошланган Эрондаги норозилик намойишлари камида 88 шаҳарда, яъни мамлакатнинг 31 вилоятидан 27 тасида бўлиб ўтган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ёзишича, маълум бир паллада эронлик куч тузилмалари намойишчиларга қарши куч ишлатишни бошлаган, айниқса кичик аҳоли пунктларидаги акцияларда.
Бу каби ҳаракатлар йирик шаҳарларда, жумладан Машҳад ва Эрон пойтахти Теҳронда янги намойишлар тўлқинини қўзғатган. Демонстрацияларга бутун мамлакат бўйлаб камида 17 та олий ўқув юрти талабалари қўшилган. Жавобан, ОАВ маълум қилишича, куч тузилмалари кампуслар ҳудудида рейдлар ўтказишни бошлаган. Умуман олганда, мамлакатда бошланган норозиликлар 2022 йилдан бери Эрон учун энг оммавийси бўлди. Ўшанда фуқаролар норозилигига 22 ёшли Маҳса Аминий “ахлоқ полицияси” томонидан ушланганидан сўнг вафот этгани сабаб бўлган эди.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабар беришича, оммавий намойишлар давомида ҳалок бўлган 35 кишининг 29 нафари — намойишчилар, тўрт нафари — болалар, яна икки нафари — хавфсизлик кучлари ходимларидир.
Бундан олдин Эрон давлат ОАВ шундай эҳтимолий ҳолатлардан камида биттаси ҳақида ёзган эди: Кўҳдешт шаҳридаги намойишда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)га бўйсунувчи “Басиж” ҳарбийлаштирилган тузилмаси иштирокчисининг 21 ёшли аъзоси ўлдирилган.
ОАВ маълумотларига кўра, куч тузилмалари Кўҳдештдаги акцияни тарқатиш учун қурол ишлатишга уринган. Жавобан, намойишчилар тош отишни бошлаган ва “Басиж” аъзосининг ўлимига ҳам шу сабаб бўлиши мумкин.
5 январ куни Ислом Республикаси суд ҳокимияти вакиллари намойишлар пайтида ҳибсга олинганларга нисбатан ҳеч қандай енгиллик қилинмаслигини маълум қилди. Шу билан бирга, Эронда 2025 йил давомида қарийб икки минг киши қатл этилган — бу ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп.
Британиянинг The Times газетаси Буюк Британия разведкасига таяниб аввалроқ хабар қилишича, 86 ёшли оятуллоҳ Али Хоманаий агар армия ва хавфсизлик кучлари буйруқларни бажармай қўйиши, намойишчилар томонига ўтиб кетишини кўрса, Теҳронни тарк этишни режалаштирмоқда.


















