Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Меҳнат вазирлиги тўртта вазифани вақтида бажармаган, улардан иккитаси миграцияга алоқадор
Россияда ишлаш учун патент берувчи марказ ва Халқаро Миграция Ташкилотининг ваколатхонаси 2019 йил учинчи чорагида Ўзбекистонда очилиши режа қилинган эди.
30 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йилнинг 9 ойидаги фаолияти юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Маълум бўлишича, 2019 йил учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги зиммасига жами 25та мақсадли вазифа юклатилган бўлиб, уларнинг 11таси тўққиз ой ичида бажарилиши лозим эди. Бироқ вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлилига кўра, уларнинг 4таси бажарилмаган.
Хусусан, жорий йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистонда Халқаро Миграция Ташкилотининг ваколатхонасини очиш вазифаси назарда тутилган. Шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати ва ХМТ ўртасида битим лойиҳаси ишлаб чиқилган. Тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда вазирлик хати Ташқи ишлар вазирлигига киритилган. Лекин ҳозирги кунга қадар ваколатхона очилмаган, бу вазифа ижроси таъминланмаган.
Шунингдек, вазирлик зиммасига учинчи чорак давомида Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсат (патент) берувчи Россия Федерациясининг кўп тармоқли марказини Ўзбекистонда ташкил этиш вазифаси юклатилган. Бироқ бунинг ижроси ҳам таъминланмаган.
Бундан ташқари, учинчи чорак давомида бўш иш ўринларининг мустаҳкам ва долзарб базасини шакллантириш, иш билан таъминланган аҳоли сонини аниқлаш, шунингдек, бандликка кўмаклашиш марказлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини акс эттирувчи тизим ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси қўйилган. Вазирлик томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ушбу тизимни тажриба сифатида жорий этиш бўйича буйруқ чиқарилган, лекин ҳудудларда ушбу тизим ҳали амалда жорий этилмаган.
Вазир Нозим Ҳусанов ўз ҳисоботида республикадаги ишсизлик ва норасмий бандлик даражаси ҳақида фикр билдириб ўтди.
«Вазирлик томонидан 6та мезон бўйича иш олиб борилган. Биринчи мезон бўйича республикада ишсизлик даражасини 8,8 фоизга пасайтириш борасида ишлар олиб бориш белгилаб берилган эди. Бугунги кунда бу кўрсаткич 8,9 фоизга эришилди. Йил якунига қадар 8,8 фоизга туширишга эришилади.
Иккинчи мезон бўйича норасмий бандлик даражасини 56,6 фоизга пасайтириш йўналиши белгиланган эди, йил бошига бу кўрсаткич республика бўйича 60 фоизни ташкил қилар эди. Тўққиз ой давомида амалга оширилган тадбирлар борасида бу кўрсаткич 58 фоизга камайтирилди, йил якунигача белгиланган параметрга эришилади», – дея Нозим Ҳусановнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
20:27 / 26.06.2026
Россияда мигрантлар учун божлар 5-12 баравар оширилди
17:36 / 24.06.2026
Европа Иттифоқи Ўзбекистонда мигрантлар учун марказ ташкил этиши мумкин - ОАВ
21:39 / 22.06.2026
Россияда мигрантларнинг пул ўтказмаларидан комиссия ундириш таклиф этилди
17:32 / 19.06.2026