Жаҳон | 14:26 / 10.12.2019
30111
2 дақиқада ўқилади

Москвага 18 йил мэрлик қилган Юрий Лужков вафот этди

Москванинг собиқ мэри Юрий Лужков оламдан ўтди. У 84 ёшда эди.

Фото: Вячеслав Прокофьев/ТАСС

РЕН ТВ маълумотига кўра, Лужков Мюнхендаги клиникалардан бирида оламдан ўтган. Бу ерда унинг юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказилиши режалаштирилганди.

Юрий Лужков 1992 йилдан 2010 йилга қадар Россия пойтахтини бошқарганди.

Лужков 1992 йил июнида Гавриил Поповдан кейин Москванинг иккинчи мэрига айланганди. У шаҳарни 18 йил давомида бошқарди. 2010 йил сентябрида ўша вақтда РФ президенти бўлган Дмитрий Медведев уни «ишончни йўқотгани» учун ишдан бўшатганди. У 2016 йилда «Ватан олдидаги хизматлари учун» 4-даражали унвони билан тақдирланган. 

Истеъфодан кейин Лужков Калининград областида бизнес билан шуғулланди, унинг рафиқаси, миллиардер тадбиркор Елена Батурина Европага кўчиб ўтди.

Лужков 1936 йил 21 сентябрида Москвада туғилган. 1958 йилда Губкин номидаги Москва давлат нефть ва газ институтини «муҳандис-механик» йўналишида тамомлаган. У 1975 йилда Бабушкин райони кенгаши депутати бўлган, икки йил ўтиб Москва кенгашига сайланган. 1987 йилдан 1990 йилгача у РСФСР Олий кенгаши депутати бўлган.

Мавзуга оид