Инсон манфаатларини ҳимоя қилиш ижтимоий тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Аҳоли турмуш шароитини яхшилашга ҳисса қўшиш Халқ демократик партияси олдида турган энг асосий вазифалардандир.

Ҳаётнинг ўзи кўрсатаяптики, бозор иқтисодиёти шароитида аҳолининг айрим қатламлари давлат ва жамиятнинг аниқ манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашига эҳтиёж сезади. ЎзХДП айнан ана шу қатлам манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган. Жиззах вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар бу борадаги келгуси режа ва мақсадлари ҳақида тўхталиб ўтишди.

Улуғбек Қосимов, тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, банк иши, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Жиззах вилояти филиали бошлиғи, 32-Жиззах сайлов округидан номзод:

– Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархлари ва тарифлари норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслиги учун ушбу нархларни шакллантириш устидан қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш тарафдори. Шундан келиб чиқиб, импорт ўрнини босувчи ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга импорт товарларидан олинадиган даромадларнинг бир қисмини имтиёзли кредит беришга йўналтириш тартибини жорий этиш зарур.

Зулайҳо Акрамова, педагог, халқаро муносабатлар магистри, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 33-Дўстлик сайлов округидан номзод:

– Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида аҳоли билан кўп учрашувлар, мулоқотлар ўтказдим. Ўрганишлар ҳамда тегишли ижтимоий гуруҳлар билан ўтказилган мулоқот натижаларидан келиб чиқиб, амалдаги қонунчиликка давлат-хусусий шериклиги ҳамда ижтимоий тадбиркорлик асосида аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг аниқ процессуал механизмларини киритишни назарда тутувчи таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни партиянинг парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида илгари суришни мақсад қилганман.

Мукадас Уразалиева, шифокор, Зомин тиббиёт коллежи директори, 34-Зомин сайлов округидан номзод:

Таълим-тарбия мамлакат келажагини белгиловчи асосий омиллардан биридир. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси таълим соҳасида ижтимоий аҳамиятга эга бир қатор вазифаларни ўз олдига мақсад қилган. Сайловолди дастуримни шунга ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқдим.