Ўзбекистон | 18:06 / 14.12.2019
8239
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: «ФҲДЁ тизимида чалкашликлар жуда ҳам кўп»

Фото: KUN.UZ

Сенат раиси Танзила Норбоева Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимларининг иш фаолиятида чалкашликлар, ечилмаган масалалар жуда ҳам кўплиги хусусида гапирди.

“ФҲДЁ органлари хотин-қизлар қўмитаси билан яқиндан ҳамкорлик қилсин, деган мақсадда ҳокимликлар бўйсунувига ўтказилган эди. Лекин ҳокимиятга ўтказилгандан кейин иккита раҳбари борга ўхшаб қоляпти, Адлия вазирлигига ҳам методологик жиҳатдан ҳисобдорлиги бор. Маҳаллий ҳокимликлар уларни ойлик маош билан таъминлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласида бош қотираётгани йўқ. Бу уларнинг ишлашида қийинчилик туғдирмоқда”, − дейди Танзила Норбоева.

Адлия вазири Русланбек Давлетовга кўра, ФҲДЁ идоралари формал жиҳатдан тўлиқ ҳокимликлар тизимига ўтказилган. 

“Биз фақатгина учта жиҳатдан ФҲДЁ бўлимлари билан боғлиқмиз. Давлат хизматлари агентлиги орқали уларни герб гувоҳномалари билан таъминланади. Уларнинг архив ҳужжатларини ҳам Адлия вазирлиги бошқаради. Методология нуқтаи назардан ҳам раҳбарлик қилади. ФҲДЁ билан алоқалар тўлиқ электрон тизимга ўтказилган”, − дейди Русланбек Давлетов.

Танзила Норбоева ФҲДЁ бўлимларининг Давлат хизматлари агентлиги ҳамда ҳокимликлар билан алоқаларини қайта кўриб чиқиш, қатъий тартибга солиш бўйича сенаторлар ва ҳукумат вакилларига топшириқ берди.

Мавзуга оид