Мурожаатлар ва ечимини топ(ма)ган муаммолар – Kun.uz водий бўлинмаси йил давомида
Йил охирида турли идора ва ташкилотлар ўзига хос ҳисобот топширишади. Бир сўз билан айтганда – якун.
Поёнига етаётган йил давомида Kun.uz`нинг водий ҳудудий бўлими томонидан тайёрланган мақола ва кўрсатувларни қисқача сарҳисобини қилиб кўрдик. Тўрт фасл ичи – Андижон, Наманган ва Фарғонани кезиб, энг янги хабарларни бериб боришга, мурожаатлар ортидан аҳоли муаммоларини ёритиб, масъулларга етказишга, оғир ҳолдаги беморларга хайрия акциялари орқали кўмаклашишга уриндик.
Кенг муҳокамаларга сабаб бўлган Риштон туманидаги қайта қуриш, бузиш ва снос можаролари, Чуст туманида ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилингани, Андижондаги 20 йил мобайнида ичимлик сувисиз яшаган Боғи Эрам қишлоғи муаммолари ёритилган ва яна кўплаб таҳлилий мақолаларимиз қай даражада самара берганига алоҳида тўхталмоқчимиз.
Келинг, материалимиз аввалида, Kun.uz ўқувчилари, яъни сизнинг кўмагингиз, хайрия қилган маблағларингиз билан оғир дардга чалинган кўплаб беморларнинг чет элда операция қилиниб, оиласи бағрига қайтганини эсласак.
Йил аввалида Наманганнинг Тўрақўрғонидан бўлган ёш ўқитувчи Наргизахоннинг буйраклари қуригани ва онаси унга ўз буйрагини бериши учун амалга ошириладиган операцияга хайрия акцияси ташкил қилган эдик. Тез кунларда керакли маблағ йиғилди. Орадан уч ой ўтгач муваффақиятли операциядан сўнг бемор қизимизни йўқлаб борганимизда, она-бола ўз қувончини биз билан баҳам кўрганди.
Андижонлик ошқозон ости бези саратонига чалинган Маъмурахон Юлдашева сайтимиз орқали «Мурғак фарзандларим менсиз улғаймасин...» дея ўтинчини айтгач, Ҳиндистонда ўтадиган операция учун хайрия акциясида 15 минг доллар йиғилди. Операциядан соғайган она ҳозирда уч фарзанди ёнида.
Юракдаги етишмовчилик билан оғриётган избосканлик 7 ёшли Абдулбоқий, олтинкўллик 2 ёшга тўлган Исмоилжон ва яна бир қатор беморлар хайрия акциялари орқали муваффақиятли операция ўтказиб соғайганлигини ҳам таъкидлаш ўринли.
Инсонлар биргалашиб ёрдам берса, ҳар қандай муаммо оз муддатларда ҳал бўлар экан. Учкўприк тумани Қақир қишлоғидаги Усмоновлар оиласининг беш боласи билан бир хонали хароба уйда яшаётгани ҳақида мақола берганимиздан сўнг, Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан саховатли инсонлар ёрдам қўлини чўзишди. Кеча оила бошлиғи Эргашали билан гаплашдик. Усмоновлар янги уйга кўчиб киришибди.
Мурожаатлар ортидан
Йил мобайнида аҳоли томонидан юборилган турли йўналишдаги мурожаатларни ўргандик. Кўп муаммолар Kun.uz минбарида эълон қилинганидан сўнг ўз ечимини топди. Мутасаддилар орасида танқидни тўғри тушуниб, камчиликларни зудлик билан бартараф этишга киришганлари жуда кўп. Бироқ, биз ёритган баъзи танқидий масалалар эътиборсиз қолиб, ҳалигача ечимини кутиб турибди.
Андижон туманидаги, 20 йиллардан бери ёмғир ёққанида тарновдан тушган сувни йиғиб, ичимлик сувисиз, болалар боғчаси ва бошқа яшаш учун шароитлар йўқлигидан қийналиб яшаётган Боғи Эрам маҳалласи ҳақида мақола ёзганимиздан сўнг икки ҳафта ўтиб, вилоят ҳокимлиги томонидан камчиликлар тезкор равишда ҳал этилди.
Андижон шаҳар деҳқон бозори атрофидаги ўйдим-чуқур йўллар муаммоси ҳам икки ҳафтада ечимини топган.
Наманган вилояти Поп туманидаги Янгиер маҳалласи муаммолари кўтарилганидан сўнг туман электр тармоқлари маҳалланинг камчиликларини тез кунларда бартараф этишди ва қишлоққа ичимлик суви тортилди.
Ёзнинг қайноқ кунларида Фарғонанинг Риштон туманида қайноқ воқеалар кўп ва ҳўб бўлганидан хабарингиз бор. Туман марказидаги қайта қуриш ишлари, «буз-буз»лар оқибатида аҳоли вакилларининг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида кўплаб мақола ва репортажлар эълон қилдик.
Сўнг Риштондаги қурилиш ишларига барча туманлардан, вилоятдаги барча ташкилот вакиллари «ҳашар» ниқоби остида мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ижтимоий тармоқларда кун тартиби даражасида муҳокама қилинди.
Июль ойида Чуст туманидаги 9-мактаб ўқитувчилари томонидан Kun.uz сайтига таътил пайти ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақидаги мурожаат келиб тушган ва арзномани бориб ўрганганимизда, ҳақиқатан ҳам ўқитувчилар таътил вақтида мактабдаги қурилиш ишларига жалб қилингани аниқланган эди.
Шундан сўнг бу ҳолатни Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси ўз назоратига олди. Текширишлар давомида мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланди.
Сарсон бўлаётган мурожаатлар
Аҳолининг кўплаб мурожаатлари ижобий якун топган бўлса, баъзи муаммолар раҳбарларнинг сусткашлиги ортидан ҳалигача ўз ечимини топгани йўқ.
Фарғона вилояти Қўштепа туманида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалиги муаммолари ҳақида кўп бора мақола ёзган бўлсак-да, хўжаликка шу кунгача ер майдони ажратилгани йўқ.
Риштон ҳашаридан қайтиш чоғи йўл-транспорт ҳодисасида қурбон бўлган Улуғбек Аҳмаджоновнинг оиласи ва ўша куни жароҳат олганларга айни пайтга қадар товон пули берилмади.
Йил давомида, шунингдек, водий вилоятларида ўтказилган халқаро инвестицион форумлар, Қўқондаги халқаро ҳунармандчилик фестивали, байрамлар ва турли спорт мусобақаларидан баҳоли қудрат фото ва видеорепортажлар тайёрлаб, кенг оммага тақдим қилиб боришга интилдик. Водийнинг такрорланмас табиати ва тарихи билан ўқувчиларни таништириб бориш ҳам ёдимиздан чиққани йўқ.
Биз 2020 йилда ҳам ҳаракатда ва сиз билан бирга қоламиз – Kun.uz`ни кузатишда давом этинг.
Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.
Мавзуга оид
23:01 / 27.11.2024
Фарғонада 750 млн сўмлик iPhone телефонларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди
10:06 / 24.11.2024
Ҳалоллик мукофоти: йўлдан топилган 5 минг долларни эгасига қайтарган ҳайдовчи ҳақида ҳикоя
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
12:39 / 12.11.2024