Марказий банк инфляция пасайиши учун бор масъулиятни бўйнига олишга тайёр – Илҳом Норқулов
Ўзбекистон Марказий банки келгуси 4 йилда инфляцияни 3 баробарга камайтириш бўйича қўйилган вазифалар ижроси учун масъулиятни тўла ўз бўйнига олишга тайёр, деб баёнот берди МБ раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов.
«Бу чора-тадбирлар «Йўл харитаси» билан бирга муҳтарам президентимизнинг фармонида аниқ ва равшан қилиб кўрсатиб ўтилган. Бу ерда энг муҳими – кучли сиёсий ирода, шу ирода ва таянчни бу соҳада бевосита ишлайдиган мутахассисларнинг ҳис қилиб тургани.
Шу орқали кенг жамоатчиликка етказмоқчиманки, Марказий банк раҳбарияти бу вазифанинг осон эмаслиги ва жиддийлигини англаган ҳолда бутун бир масъулиятни бўйнига олишга тайёр», – деди Норқулов «Ўзбекистон 2020» дастуридаги чиқишида.
Марказий банк Пул-кредит сиёсати департаменти директори Беҳзод Ҳамроев ҳам 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга тушишига шубҳа қилмаслигини билдирди.
«Ҳақиқатан қўлимиздан келади, бунга эришиш имконияти бор. Чунки тайёргарлик даврида жуда кўп давлатларни ўргандик. Бугун бизда кузатилаётган юқори инфляция ва уни пасайтириш муаммоси фақатгина бизда бўлган эмас. Шарқий Европа, МДҲ ва Осиё давлатларининг кўпчилиги 90-йилларда бу босқичдан ўтган. Шуларнинг тажрибасини батафсил ўрганиб, таргетга эришишда нима муҳимлигини кўриб чиққанимизда, учта асосий масала кўриляпти.
Биринчиси – қўллаб-қувватлаш, яъни сиёсий ирода. Иккинчиси – пухта ҳисоб-китоб. Кейингиси – тартибли-тизимли ҳаракатлар.
Президентимизнинг инфляцион таргетлашга ўтиш тўғрисидаги фармонининг ўзи бизга анча масалаларни ечиб берди, деб ишонч билан айтишим мумкин. Фармон билан «Йўл харитаси» тасдиқланган, унда ҳар бир вазирлик ва идора нима иш қилиши – ким монополия масаласи билан шуғулланади, ким рақобатни ривожлантиради, ким бюджет харажатларининг самарадорлигини таъминлайди, Марказий банк нима қилиши керак, банклар нима қилиши керак – ҳар биттаси қадам-бақадам кўрсатилган.
Бундан буён ҳар йил учун қўйилган инфляцион таргетга эришиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Шундай экан, 2023 йилда 5 фоизлик таргетга эриша оламиз, деб ишонч билан айтишим мумкин», – деди Ҳамроев.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк мамлакатдаги инфляцияни 2020 йилда 12 фоиз, 2021 йилда эса ўн фоиздан пастроқ даражага туширишни мақсад қилган.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
08:10 / 02.11.2024