Спорт | 20:11 / 12.01.2020
40988
3 дақиқада ўқилади

Осиё чемпионати-U23. Ўзбекистон Хитойни енгиб гуруҳда иккинчи ўринга кўтарилди

Таиландда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати ўйинлари давом этмоқда. «С» гуруҳида мусобақани бошлаган Ўзбекистон 2-турда Хитой билан ўйнаб 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўйинни вакилларимиз жуда фаол бошлашди. 3 дақиқа ичида Жасур Яхшибоев икки марта жарима майдончасига қанотдан ёриб киришга муваффақ бўлди. 7-дақиқада Ўзбекистон ҳисобни ҳам очди, аммо ҳакам голни инобатга олмади. Видеотакрорни кўргандан кейин ҳам ҳакам қарорини ўзгартирмади ва Ҳусниддин Алиқуловнинг голи инобатга олинмади. Бу вазиятда ўйиндан ташқари ҳолат юз берганди.

18-дақиқада футболчиларимизда яна бир имконият бўлди. Марказдан узатилган тўпни Санжар Қодирқулов бош билан дарвозага йўллади, аммо дарвозабон тўпни қайтарди. Қайтган тўпни Жасур Яхшибоев дарвозага йўллади, лекин унинг зарбаси ҳам бартараф этилди. 21-дақиқада Азиз Ғаниев супер зарба билан ҳисобни очиши мумкин эди, аммо унинг зарбаси устунга тегди.

Дастлабки 30 дақиқада футболчиларимиз жуда кўп вазият содир этишди. Айниқса Илҳом Алижоновнинг чап қанотдан ёриб киришлари хавфли бўлди. Азиз Ғаниев ва Жасур Яхшибоев бурчак зарбасини икки марта ноодатий тарзда амалга ошириб, рақибни шошириб қойишди.

Ўйиннинг биринчи бўлимига ҳакам томонидан қўшиб берилган 3-дақиқада ҳисоб очилди. Ойбек Бозоров фаол ҳаракатлари билан чап қанотдан жарима майдончасига ёриб кирди ва унга нисбатан қўполлик ишлатилди. Белгиланган пенальтини жамоа сардори Ислом Қобилов голга айлантирди.

Иккинчи бўлимни ҳам вакилларимиз фаол бошлашди. 52-дақиқада Жасур Яхшибоев ажойиб юришни амалга ошириб, ўнг қанотдан жарима майдонасига ёриб кирди. Унинг узатмасидан сўнг Бобур Абдухолиқов қийин вазиятда туришига қарамай зарба йўллади, аммо унинг зарбаси бироз ноаниқ бўлди.

63-дақиқада ҳакам Хитой дарвозасига яна бир пенальти белгилади. Аммо жамоа сардори Ислом Қобилов бу гал пенальтидан аниқ фойдалана олмади, унинг зарбасини дарвозабон қайтарди. 75-дақиқада Хитой жуда хавфли вазият содир этди. Ўнг қанотдан ривожланган ҳужумни Ҳусниддин Алиқулов ажойиб ҳаракати билан тўхтатиб қолди.

Ўйиннинг 80-дақиқасида ҳисоб ўзгарди. Захирадан майдонга тушган Нурилло Тўхтасинов дарвозабондан қайтган тўпни дарвозага жойлаб ҳисобни оширди — 0:2. Шу тариқа Ўзбекистон ғалаба қозониб, очколари сонини 4 тага етказди ва гуруҳда иккинчи ўринга кўтарилиб олди. Гуруҳ босқичининг охирги ўйинини футболчиларимиз 15 январь куни Жанубий Кореяга қарши ўтказишади.

Осиё чемпионати-U23
«С» гуруҳи
2-тур
ХИТОЙ — ЎЗБЕКИСТОН 0:2

Таиланд. Сонгҳла. «Тинсуланон» стадиони, 6 208 томошабин.
Гол: Ислом Қобилов (45+3), Нурилло Тўхтасинов (80).
Амалга оширилмаган пенальти: Ислом Қобилов (63).
Ўзбекистон: Абдувоҳид Неъматов, Ҳожиакбар Алижонов, Ислом Қобилов, Ҳусниддин Алиқулов, Илҳом Алижонов, Абдулла Абдуллаев, Азиз Ғаниев, Ойбек Бозоров (Нурилло Тўхтасинов, 75), Санжар Қодирқулов, Жасур Яхшибоев (Достон Ибрагимов, 90+1), Бобур Абдухолиқов (Миржаҳон Мираҳмадов, 87).
Хитой: Хуанг Зеню, Веи Зен, Ду Ченжи, Хуан Кон, Янг Лию, Ху Жингхан, Чен Бинбин, Чен Веи, Дао Жианфеи, Фенг Бохуан.

 

Мавзуга оид