Ўзбекистон | 15:19 / 19.01.2020
91556
2 дақиқада ўқилади

Тошкент фармацевтика институти ректори вафот этди

Тошкент фармацевтика институти ректори Иброҳим Олимжонов оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг телеграм каналида хабар қилинган.

«Соғлиқни сақлаш соҳаси, илм-фани оғир жудоликка учради. Тошкент фармацевтика институти ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Олимжонов Иброҳим Инамович 61 ёшида вафот этди», дейилади хабарда.

Иброҳим Олимжонов1959 йилда Андижон шаҳрида туғилган.1982 йилда Ўрта Осиё педиатрия тиббиёт (ҳозирги Тошкент педиатрия тиббиёт) институтини муваффақиятли тамомлаб, Андижон шаҳар 2- болалар шифохонаси врач интерни, ординатори, даволаш ишлари бўйича бош врач ўринбосари, кейинчалик Андижон давлат тиббиёт институти кафедра ассистенти, доценти ва кафедра мудири лавозимларида фаолият кўрсатган. У 2012-2018 йилларда мазкур институт ўқув ишлари бўйича проректори ва ректори вазифасида ҳам ишлаган.

Иброҳим Олимжонов 2018 йилдан Тошкент фармацевтика институти ректори сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент фармацевтика институти ректори,тиббиёт фанлари доктори, профессор Алимджанов Иброҳим Инамовичнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган.

Мавзуга оид